Бугун, 20 август куни соат 09:30 ларда ҳайдовчи (1987 й.т.) Б.С. бошқарувида бўлган “DAMAS” русумли автомашинасида Тошкент вилояти Бекобод тумани Зафар қўрғони томонидан Бекобод шаҳар томонига ҳаракатланиб кетаётиб, Қорасув-Бўка-Бекобод автомобиль йўлининг 92 км.да бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган.
Оқибатда Бекобод шаҳридан Бекобод тумани Зафар қўрғони томон ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи (1952 й.т.) Р.Т.нинг бошқарувидаги “Мercedes-Вenz” русумли автомашинанинг чап ён томонига тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.
Тўқнашув оқибатида “Мercedes-Вenz” русумли автомашина ҳайдовчиси Р.Т. ҳамда унинг икки нафар йўловчиси — А.Султонов (1968 й.т.) ва У.Қурбонов (1975 й.т. ), шунингдек, “DAMAS” русумли автомашина ҳайдовчиси Б.С. ва унинг йўловчиси А.М. (1985 й.т.) жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.
Шунингдек, мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида “Мercedes-Вenz” русумли автомашина йўловчиси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов соғлиғининг бузилишига сабабчи бўлмаган енгил тан жароҳати олган.
Ҳозирда ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жароҳат олганларнинг барчасига зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Уларнинг соғлиғи қониқарли ҳолатда бўлиб, ҳаёти ва соғлиғига хавф солувчи жароҳатлар аниқланмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.