АсосийMadaniyat

Шоҳруххон ва Жеки Чан ўзбек киносига жалб этилиши мумкинми?

'Шоҳруххон ва Жеки Чан ўзбек киносига жалб этилиши мумкинми?'ning rasmi

Уч шаҳар лойиҳаси, хорижий сериаллар, ўзбек киноси ривожи ва бошқалар ҳақида ЎзА махбири “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокиров билан суҳбат уюштирди.

– Уч шаҳар лойиҳасини амалга ошириш борасида ҳаракатни бошлаб юбордик. Бундан олдин биз дунё тажрибасини ўргандик. Мисол учун, дунёда ЮНЕСКО киношаҳар, дея эътироф этган тўққизта шаҳар мавжуд. Бизга энг яқин жойлашган ана шундай киношаҳарлар – Туркия ва Россияда. Шунингдек, этношаҳарлар ҳам учрайди. Улардан бири Москва яқинида 250 гектарда барпо этилган.

Биз ҳам ана шу тажрибалар асосида Ўзбекистонда 2022 йилгача “Уч шаҳар” мажмуаси барпо этишни режалаштиряпмиз. Ушбу лойиҳа уч қисмдан – “Халқ дипломатияси шаҳри”, “Этношаҳар” ва “Киношаҳар”дан ташкил топади.

Оддий тилда айтадиган бўлсак, “Халқ дипломатияси шаҳри”да юртимизда яшаётган турли миллат вакилларининг маданият марказлари ёнма-ён қурилади. Президентлар аллеяси, “Буюк Ипак йўли“ кўчаси, сунъий тоғли ва шаршарали боғ, очиқ осмон остидаги музей, “Севишганлар боғи”, кафе ва ресторанлар ҳам кетма-кет жойлашади.

Қайд этиш керакки, бундай шаҳарча ҳали дунёнинг ҳеч бир давлатида мавжуд эмас.

“Этношаҳар” ўз номи билан ўтмиш ҳақида ҳикоя қилади. Мисол учун, Амир Темур саройи хиёбони, ҳовлилар, миллий шаклдаги кафе ва ресторанлар, сувенир расталари, эски кўчалар, минора, меҳмонхоналар, шаҳар дарвозаси мажмуаси қурилади. Қисқаси хориждан келганлар шарқона руҳиятни кўради. “Киношаҳар” эса суратга олиш учун павильон, киномаҳалла, кўп квартирали турар-жой, супермаркет, хусусий мактаб ва боғча, бизнес-марказ, киноакадемия кабилардан иборат бўлади. Энг муҳими, мазкур шаҳарларда тасвирга олиш ишларини бемалол олиб бориш имкон бўлади.

Мақсад нима? Мақсад киносаноатни ривожлантириш орқали сайёҳларнинг юртимизга кўпроқ жалб қилиш. Қолаверса, ёшларимизнинг маданиятини ва маънавиятини янада оширишга хизмат қиладиган маскан барпо этиш. Мисол учун, ўзбек томошабинлари учун яхши таниш бўлган “Муҳташам юз йил“ сериалини олиш учун декорация қуришга 10 миллион сарфланган. Айни вақтда ана шу декорацияларни кўришга келаётган минглаб сайёҳлар туфайли фойда икки миллиарддан ошмоқда.

Шу ўринда қайд этиш керакки, бизда ҳам баъзи фильмлар ёки сериаллар учун катта маблағ эвазига декорация қурилади. Сўнгра қанчадан-қанча маблағ сарфлаб қурилган бу кўринишлар бузиб ташланади. Энди улар киношаҳарчада пухта қурилади ва бузилмайди. Эски кўчалар, саройлар бўладими ёки муҳташам уйларми, ҳаммаси сақлаб қолинади. Улар келгусида миллий ва хорижий студиялар суратга олиш ишларини олиб бориши ва сайёҳларни томоша қилиши учун қолдирилади.

– Бизнинг киночилар буни уддасидан чиқа олишадими? Фильмларимизга жаҳонга машҳур Шоҳруххон, Жеки Чан каби актёрларни жалб қилиш имкони борми? Менимча, бундай усулда ҳам юртимизни реклама қилган, ҳам сайёҳларни кўпроқ жалб қилган бўлардик.

– Албатта эплаймиз. Маълум бир даврда соҳага эътибор берилмаганидан кино оқсоқланиб қолди. Ҳозир кучли актёрлар, яхши режиссёрлар бор. Яхши сценаристлар йўқ, деб айтардик, энди улар ҳам кўпаймоқда. Шундай экан, ҳаммамиз бир-биримизни тушуниб, “бир ёқадан бош чиқариб“ ишласак, ютуқларга эришамиз. Лекин ҳозир ҳам мақташга арзигулик жиҳатларимиз йўқ эмас. Киноларимиз қўшни давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистонда алоҳида эътироф этилмоқда. Халқаро кинофестивалларда ютуқли ўринларни қўлга киритмоқда.

Тўғри, дунё тажрибасида соҳага инвесторларни, машҳур актёрларни жалб қилиш усули мавжуд. Ҳадемай, биз ҳам дунё билан рақобатлашамиз. Бунинг учун янгича фикрлашимиз, кимдир фильм яратиши, бошқаси тарғиб қилиб, дунёга олиб чиқиши, яна бири эса юртимизга даромад келтириш билан шуғулланиши керак. Ҳозир бу юмушларнинг ҳаммасини ҳар ким ўз билганича бажармоқда. Бу тажриба ўзини у қадар оқламаслигини эса вақт кўрсатмоқда.

Машҳур актёрларни жалб қилишга келсак, албатта бу яхши фикр. Бу борада ҳам тажриба тўпланмоқда. Мисол учун, яқинда Япониянинг энг машҳур режиссёрларидан бири – Киёси Куросава биз билан ҳамкорликда юртимизнинг энг чиройли жойларида фильм суратга олди.

Ҳиндистонлик машҳур киноактёр Дев эса “Шоду хуррамлик” фильмини суратга олди. Кузда премьераси кутилаётган бу кинода ўзимизнинг актёрлар иштирок этди. Шоҳруххон, Жеки Чанга келсак, вақти келиб, уларга мос сценарилар ёзилса, бу ишни ҳам қиламиз.

Айни пайтда эса юртимизга хорижий киноижодкорларни таклиф қилиб, уларга ташкилий-техник хизматлар кўрсатишни ўйлаб турибмиз. Бунда юртимизнинг энг чиройли жойлари дунёга тарғиб этилади. Уларда иштирок этган ёшларимиз малака оширади. Келгусида Ўзбекистон бренди яратилишига ишонаман. Ваҳоланки, юртимизнинг шундай ҳудудлари борки, бир вақтнинг ўзида йилнинг тўрт фаслини тасвирга олса бўлади.

– Телевидениеда кўплаб сериаллар намойиш этилмоқда. Уларнинг ўрнини ўзимизнинг ижодкорлар яратган фильмлар қачон эгаллайди? Аслида ҳам томошабин қалбига кириб борадиган сериал тайёрлаш имкони қай даражада?

– Дунё тажрибасида сериаллар яхши даромад келтирмоқда. Айни вақтда жаҳонда Туркияда тасвирга олинаётган кўп қисмли телевизион бадиий фильмларга бўлган талаб ортиб бормоқда. Натижада телесериаллар экспортидан улар 350 миллион доллар фойда кўрмоқда. 2023 йилга бориб Туркия телесериаллар экспортидан йилига 1 миллиард доллар даромад кўради, деб хомчўт қилинмоқда. Хитойда йилига мингта, Францияда беш юзта, Россияда 250 та кино олинади.

Бу рақамлардан кўриниб турибдики, биз вақтни бой бердик. Энди уларга етиб олишимиз, позицияни эгаллашимиз керак. Бунинг учун эса обруимизни қисқа фурсатда қайта тиклашимиз керак. Акс ҳолда, томошабин хорижий бадиий фильмларга эргашиб кетади.

Шунинг учун келгусида фақат кино ишлаб чиқариш эмас, балки кинотеатрларда хизмат сифатини ҳам ошириш чораларини кўриш ҳаракатидамиз.

Мисол учун, фильмларнинг онлайн намойиши ташкил этилади. Томошабинлар мириқиб, дам олиши учун фильмлар форматини юқори даражага кўтарамиз. Бунинг учун кейинги йилларда элликка яқин кинотеатр қуриш режалаштирилган. Уларнинг аксари ёзги кинотеатрлар бўлади. Бу эса ўз навбатида миллий кинони кенг томошабинлар оммасига етказиш сифатини янада яхшилайди.

Олиб борилаётган бу чоралардан биргина мақсад кўзланган, у ҳам бўлса, кино ижодкорлар билан томошабинлар ўртасида мустаҳкам, узилмас ришталарни боғлаш.

Бошқа янгиликлар