АсосийJamiyat

Қурбон ҳайити арафасида беназир туҳфа

Истиқлол. Бу сўзнинг илдизлари қадим мозийга бориб тақалади. Халқимизнинг метин иродаси, мустаҳкам эътиқоди, асрий орзу-интилишлари ана шу сўз замирида мужассамдир. 1991 йил халқимизнинг қалб тўридаги эзгу ниятлар ўз рўёбини топди – юрт, халқ, эътиқод чинакамига ўз ҳурриятини қўлга киритди. Озод диёрнинг ҳар бир куни имон ва виждон эрки билан шукроналарга йўғрилди. Қисқа вақт ичида унинг беқиёс самараси қадрият, дин ва маънавият соҳаларининг уйғунлигида намоён бўла бошлади.

Мустақиллик йилларида умрини имон ва эътиқод, ватанпарварлик ва инсонпарварлик, илм ва маърифат йўлида фидо этган азиз авлиёларнинг хотирасини эъзозлаш, улар хоки мангу қўним топган манзилларни обод этиш борасида улкан ва савобли ишлар амалга оширилди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Фарғоний каби аллома аждодларимизнинг таваллуд саналари кенг миқёсда нишонланди, кўркам мақбаралари қад кўтарди. Нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ўтказилаётган нуфузли тадбирларда ҳам бу борадаги амалий ишлар халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланмоқда. Айниқса, ISЕSСО ташкилоти Ўзбекистоннинг маданий ва маънавий қадриятларни тиклаш, ислом маданиятини янада бойитиш, ўтмиш ёдгорликларини асраб-авайлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини муносиб баҳолаб, 2007 йилда Тошкент шаҳрини ислом маданиятининг пойтахти деб эълон қилгани бунинг яққол тасдиғидир. Бу эътироф замирида шу муқаддас тупроқда таваллуд топиб, унинг шуҳратини кўкларга кўтарган, жаҳон илму фани тараққиётига беназир ҳисса қўшган минглаб аллома зотларнинг хизматлари, айни вақтда ана шу улкан тарихий меросни тиклаб, халқимизга тақдим этишда ташаббус кўрсатаётган жонкуяр инсонларнинг фидойи меҳнатлари ётибди десак, янглишмаймиз.

«Динга ҳурмат ва эътиқод биз учун ўлмас қадриятдир», - дейди Юртбошимиз. Мамлакатимизда обод этилган минглаб зиёратгоҳлар, масжид ва мадрасалар, мўътабар қадамжоларга ташриф буюрган киши муқаддас динимизга қаратилаётган юксак эътибор ва эҳтиромнинг жонли гувоҳига айланади. Тошкентнинг Минор мавзесида қад ростлаган янги масжид ҳам қадимий ва навқирон шаҳримизнинг кўркига кўрк бахш этди. Икки мингдан зиёд намозхонни ўз бағрига олувчи мазкур масжид шарқона меъморлик услубида бунёд этилиб, иккита пештоқ, иккита минора ва мовий осмон шаклидаги гумбазни ўз ичига олган. Масжид ҳовлисининг икки томонида миллий ёғоч ўймакорлиги услубида безатилган устунлар саф тортган кўркам айвон қад ростлаган. Меҳроб ва пештоқларда битилган инсонларни аҳиллик, меҳр-мурувват ва эзгуликка чорловчи муқаддас Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар миллий нақш безаклари билан зийнатланган. Масжид ҳудудидаги кўркам майсазор, бетакрор хиёбон шаҳар манзарасига ўзгача ҳусн бахш этмоқда. Кенг, шинам, замонавий жиҳозларга эга таҳоратхона намозхонларга ҳар томонлама қулайликлар яратган.

Юртбошимизнинг ғоя ва таклифлари асосида бунёд этилган ушбу ноёб меъморлик обидаси мўмин мусулмонларимиз учун муқаддас Қурбон ҳайити арафасида беназир туҳфа бўлди. 

Шуни мамнуният билан таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда фаолият юритаётган икки мингдан зиёд масжидларимизда ҳам ибодат қилувчиларга ҳар томонлама қулайликлар яратиш мақсадида доимий тарзда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилда Тошкент шаҳридаги «Чимир ота» ва «Ҳасанбой», Жиззах вилоятидаги «Хўжа Нуриддин» ва «Шарлоқ», Наманган вилоятидаги «Шамсиддин Эшон», Қашқадарё вилоятидаги «Лангар ота» каби масжидларда амалга оширилган кенг қамровли бунёдкорлик ишлари юртимизда виждон эркинлигини таъминлаш, дину диёнатга қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Манба: Дин ишлари бўйича қўмита расмий сайти. 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар