«Ҳаж — 2014» зиёратчиларининг миннатдорчилиги

ЖАМИЯТ 13.10.2014, 18:17
«Ҳаж — 2014» зиёратчиларининг миннатдорчилиги

«Ҳаж — 2014» мавсуми зиёратчилари видолашув тавофини амалга ошириб, Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги халқаро аэропортдан Ўзбекистон сари учмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хабар бермоқда.

Ҳожилар яратилган шарт-шароитлар, барча имкониятлардан миннатдор эканликларини нафақат сўз, балки мактубларда ҳам ифода этмоқда. Ана шундай ҳожи оналарнинг бир гуруҳи Тошкент шаҳар 3-гуруҳ ҳожилари номидан Маккадаги «Аброж Муҳаммадия» меҳмонхонасида жойлашган ишчи гуруҳ штабига ташаккур хати ила мурожаат қилди.

«Авваламбор, бундай ибодатни ташкиллаштиришга бошчилик қилган Президентимиз Ислом Каримовга ўз ташаккуримизни билдирамиз. Шунингдек, барча мутасадди ташкилотлар, жумладан, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, шифокорлар, ошпазлар ва бошқа масъулларга миннатдорлик билдирамиз. ‘Ҳаж машаққатдир’ дейдилар, лекин биз юқорида зикр қилиб ўтилганларнинг ёрдамлари ила бу машаққатлардан осонликча ўтдик. Улар бизга ҳар бир ишда, ҳар бир ҳаракатимиз ва ибодатларимизда маслаҳатчи бўлдилар. Дин ишлари бўйича қўмита раиси О. Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари У. Алимов ва шифокорлар гуруҳи раҳбари А. Соатовлар томонидан ўтказилган суҳбатлар бизга кўп фойда берди.

Меҳмонхоналарда яратилган шароитлар, душ, ванна, юмшоқ ўриндиқлар, кондиционерли хоналар, Ҳарами шарифга бориб-келишда ўзбекистонлик ҳожилар учун махсус автобусларнинг йўлга қўйилгани бизларга сафар қийинчиликларини сездирмади. Ҳар куни уч маҳал ўзимизнинг миллий овқатларимиз тайёрлангани ҳаво алмашинуви ва шу билан боғлиқ бошқа ўзгаришларни сездирмасликка, ватанимиздан узоқда эмаслигимизни ҳис этишга кўмаклашди. Айниқса, эркак ва аёллардан иборат шифокорлар гуруҳи, ҳатто Арофот, Муздалифа, Мино водийларида ташкил этилган тиббий марказлар бизларда учраши мумкин касалликларни олдини олишга ёрдамлашди. Ҳаж ва умра амалларини бажаришда гуруҳимиз раҳбари, элликбошимиз А. Абдусатторовнинг ҳиссаси катта.

Умуман, биз ҳожи оналар хизматимизда бўлган барча укаларимиз, фарзандларимиздан миннатдормиз. Аллоҳнинг ўзи уларни ёмонликлардан асрасин, қилган хизматларининг ажрини берсин, машаққатли ишлари доимо хайрли тугасин. Ўзимизнинг ибодатларимиз савоблари ҳам зиёда бўлсин, юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин».

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1