1

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисидаги н

ЖАМИЯТ 14.10.2014, 09:17
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисидаги н

Муҳтарам раис!
Ҳурматли давлат раҳбарлари!

МДҲ давлат раҳбарларини қутлаш, Беларусь Республикаси Президенти Александр Григорьевич Лукашенкога меҳмондўстлик учун самимий миннатдорлик билдириш менга катта мамнуният бағишлайди.
Учрашувимиз, бу ерда таъкидланганидек, халқаро вазият шиддат билан ўзгараётган, геосиёсий кескинлик ва сиёсий қарама-қаршиликлар авж олаётган, қачон тугаши ёки пасайиши номаълум бўлган глобал молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётган, диний фанатизм радикаллашаётган ва фаоллашаётган, яқин ва узоқ мамлакатларда зиддиятли вазиятлар кескинлашиб бораётган бир шароитда ўтмоқда.
Кенг тарқалаётган зўравонлик, терроризм, экстремизм ва наркотрафикнинг реал таҳдидлари кучайиб, айрим мамлакатлардаги вазиятни ўта чигаллаштириб, юзага келган қарама-қаршиликларни хунрезликка айлантираётган ва ўзини назорат қила олмай қолган баъзи сиёсатчи ва сиёсатдонларнинг, айниқса, телеканаллар орқали агрессив даъватлар билан чиқаётгани бизни ташвишга солмай қўймайди, албатта.
Юзага келаётган таҳликали вазиятни тўғри баҳоламаслик қандай фожиали оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас.
Масалан, Афғонистонда қарийб 35 йилдан буён давом этаётган биродаркушлик уруши миллионлаб одамларнинг умрига зомин бўлди, яна миллионлаб инсонларни қочқинга айлантирди. Мамлакат иқтисодиётини буткул издан чиқариб, вайронагарчиликка олиб келди. Бугун шундай бир авлод вояга етдики, улар қурол тутиш ва ундан фойдаланишдан бошқа ҳеч нарсани билмайди. Бу мамлакатни босиб олиш осон эмаслиги азалдан маълум эди. Бунга Афғонистон тарихидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Биз, ҳаммамиз бу мисолларни яхши биламиз ва шунга қатъий ишонамизки, Афғонистон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмайди.
Биз Афғонистоннинг яқин қўшниси сифатида бугун қатъий ишонамизки, ушбу мамлакатда бир-бирига қарши курашаётган барча асосий этник-диний сиёсий кучлар вакилларидан иборат янги ҳукумат қанчалик тез шакллантирилса, бу беқарорликка, қашшоқликка барҳам бериш, издан чиққан иқтисодиётни қайта тиклаш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш учун йўл очиб беради.

Украина масаласига келсак, бизнингча, юзага келган муаммоларни ҳал этиш усули сифатида куч ишлатишдан воз кечиш, фақат халқаро ҳуқуқнинг муҳим нормаларига ва БМТ Низомига асосланган сиёсий воситалардан фойдаланиш, томонларнинг ўт очишни тўхтатиш ва ярашиш бўйича Минск келишувини сўзда эмас, амалда тўла бажариши Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича музокаралар жараёни учун зарур шароит яратиши мумкин.
Афсуски, бу борада кўзда тутилган ва музокара жараёнларига ёрдам берадиган жиддий сиёсий масалалар муҳокамаси ҳамон бошлангани йўқ.
МДҲ давлат раҳбарларининг бугунги учрашувига бевосита тааллуқли бўлган яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Икки кун аввал бизнинг учрашувимизда Украина президенти жаноб П.Порошенко иштирок этиши ҳақидаги хабар муҳим янгилик сифатида тарқатилди. Бироқ, кеча кечқурун жаноб П.Порошенко учрашувга келмаслиги, унинг режалари ўзгариб қолгани хабар қилинди. Бизнингча, бундай қарорни маъқуллаб бўлмайди. Салкам бир йилдирки, Украинадаги қарама-қаршиликлар энг долзарб муаммолардан бири сифатида бутун дунёда, жумладан, собиқ иттифоқ ҳудудида муҳокама этиб келинмоқда. Дарвоқе, бугун энг чекка туманлар, қишлоқлар аҳолиси ҳам Украинада қандай воқеалар рўй бераётганини телевидение орқали кўриб, билиб турибди. Бундай шароитда ушбу воқеаларга лоқайд қарайдиган одам бўлмаса керак. Украинада нималар юз бераётгани ва булар қандай бошланганидан деярли барча яхши хабардор. Ўзаро курашаётган томонлар ўртасидаги зиддиятлар қачон ва қандай тугашини ҳамма кутмоқда. Бинобарин, бу муаммо имкон қадар тезроқ ўз ечимини топиши даркор.
Шу ўринда ўзимизга савол берайлик: МДҲ давлат раҳбарларидан қайси биримиз жаноб П.Порошенко билан юзма-юз учрашдик? Фақат айримларгина. Ўтган вақт мобайнида П.Порошенко Европанинг кўплаб мамлакатларида, айниқса, Брюсселда, бошқа давлатларда бўлди.
Ҳолбуки, у МДҲнинг бугунги саммити мажлисида иштирок этиб, имкониятдан фойдаланиши мумкин эди. Дарвоқе, Украина ҳали МДҲ таркибидан чиққани йўқ. Шундай таассурот пайдо бўлмоқдаки, жаноб П.Порошенко иккиланиб турибди ва МДҲдан чиқиш фойдами ёки зарарми эканлигини ўзига аниқ тасаввур қила олмаяпти. Энг муҳими, у бугунги мажлисда иштирок этиб, ўз фикрини баён қилганида, Украина муаммосини ҳал этиш борасида биз учун аниқлик киритилган бўлар эди. Афсуски, бундай бўлмади.

Ҳурматли дўстлар!
Бугунги мажлисимиз раиси Александр Григорьевич Лукашенко ўз нутқининг пировардида МДҲни янада ривожлантириш истиқболларини ошкора муҳокама қилиш вақти келганини таъкидлади.
Биз учун МДҲнинг аҳамияти, барчамизнинг манфаатларимиз ҳисобга олинган ҳолда, шериклар билан ўзаро фойдали ва серқирра ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлигимиз аниқ ва равшандир.
Ҳамдўстлик – бу амалдаги мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий базага эга, пухта ишлаб чиқилган восита ва механизмлари асосида бевосита халқаро мулоқот, долзарб масалаларни муҳокама қилиш, унга аъзо давлатлар ўртасидаги мунозара ва турлича қарашларни ҳал этиш учун кенг имкониятлар тақдим этадиган тузилмадир.
МДҲ мамлакатларимизни барқарор ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги мавжуд салоҳиятдан кенг фойдаланиш, террористик ва экстремистик ҳаракатларнинг вақтида олдини олиш, уларга қарши курашиш ва бартараф этиш, энг муҳими, собиқ иттифоқ ҳудудида фуқароларнинг ўзаро мулоқот қилишига кўмаклашиш бўйича мақбул ёндашувлар, мувофиқлаштирилган амалий чоралар ишлаб чиқишга хизмат қилмоқда. Бугун ушбу ҳудудда ўзининг эртанги кунини МДҲнинг шартномавий базаси яратган мулоқотсиз тасаввур қила оладиган мамлакат кам. Ҳатто Грузия ҳам жиддий хатога йўл қўйганини бугун тушуниб етмоқда.
МДҲ маконида барқарор тараққиётни таъминлаш, биринчи навбатда, ўзимизга, яъни Ҳамдўстлик давлатларига боғлиқ. Бу борада мен барча яқин ва узоқ қўшнилар билан бир-биримизни тушуниш, пухта ўйланган ижтимоий-иқтисодий сиёсатни самарали амалга ошириш, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражасини таъминлаш, ўз жамиятимизни бунёдкорлик йўлида бирлаштириш зарурлигини назарда тутмоқдаман.
МДҲ ҳудудида айни пайтда амалда қўлланилаётган савдо тартибига зарар етказмайдиган принципларга асосланган мукаммал эркин савдо зонасини ташкил этиш ва уни тезроқ ишга тушириш кўп жиҳатдан ушбу мақсадларга эришиш, мамлакатларимиз ўртасида ўзаро савдо ва инвестицияларни кенгайтириш учун қулай шарт-шароит яратиш имконини беради. Бугун Владимир Владимирович Путиннинг ўзаро муносабатларимизни янада мустаҳкамлаш учун энг жозибадор модель сифатида ушбу тартибни ишга тушириш вақти аллақачон етгани ҳақидаги таклифини мамнуният билан тингладим.
Бу халқларимизни яқинлаштирадиган ва жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган масалаларни узил-кесил ҳал этишга ёрдам берадиган ягона иқтисодий модель бўлиб, бунга биз бежиз алоҳида эътибор қаратаётганимиз йўқ.
Фурсатдан фойдаланиб, собиқ иттифоқ маконида бошқа интеграцион бирлашмалар шакллантирилишига қарамай, МДҲ фаолияти йўлида бирон-бир тўсиқ йўқлигини яна бир бор таъкидламоқчиман. Бу ўринда гап Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳақида бормоқда. Бу ерда ҳам муҳокамага сабаб бўладиган ҳеч қандай муаммо кўрмаяпмиз.
Шу билан бирга, ушбу давлатлараро бирлашмаларнинг ҳар бири, жумладан, негизида Евроосиё иқтисодий иттифоқи тузилаётган МДҲ ҳам – дарвоқе, ушбу иттифоқ нима асосда ташкил этилаётгани ҳақида ўйлаб кўриш ҳам мақсадга мувофиқ бўлур эди – бир-бирини такрорламасдан, ўз фаолиятини мустақил йўлга қўйиши, ривожланиш концепцияси ва узоқ муддатли дастурига эга бўлиши муҳим, деб ҳисоблаймиз. Агар мазкур шартларга риоя этилмаса, ушбу бирлашмаларнинг ўзаро мувофиқ равишда фаолият кўрсатишига умид қилиш қийин. 
Шу ўринда МДҲ масалаларининг бугунги муҳокамаси уларга бежиз эътибор қаратмаётганимизни яна бир бор тасдиқлайди. Мен аввал ҳам айнан мана шу залда бу масала бўйича қуйидаги фикрни баён қилган эдим: мазкур жараён шу зайлда давом этаверса, яъни МДҲ саммитларига шунчаки бориб-келинаверса – бу ўзини кўрсатишдан бошқа ҳеч нарса эмас. Шунинг учун кўплаб ҳамкасбларимизнинг ушбу масалалар, айниқса, МДҲ истиқболи билан боғлиқ масалаларга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги ҳақидаги фикрларига қўшиламан.
Эътиборингиз учун ташаккур.

uza.uz

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1