Мяньма давлатида даво этаётган 19 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионатида бугун 3-тур ўйинлари давом эттиралади. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги терма жамоамиз гуруҳдан чиқиш учун Австралия термасига қарши майдонга тушади.
Айни пайтда вакилларимиз жамғарган очколар сони 4тани ташкил этмоқда. Австралия термаси ҳам худди шунча очко тўплаган. Фақатгина тўплар нисбати бўйича биз “кенгурулар юрти” вакилларидан олдиндамиз. Шунингдек, бугун аввалги турда биз билан дуранг ўйнаган БАА термаси ҳам Индонезияга қарши баҳс олиб боради.
Гуруҳдан чиқиш учун Индонезиядан ташқари қолган 3та терма жамоада ҳам имконият мавжуд. Бизнинг вазифа қолган рақибларга қараганда нисбатан осонроқ. Ҳайдаров шогирдлари бугунги ўйинда мағлубиятга учрашмаса, кифоя. Шунда биз чорак финалга йўл оламиз.
Хабарингиз бор, чорак финалда Таиланд ёки Мяньма термаларидан бирига қарши баҳс олиб борамиз. Умид қиламизки, терма жамоамизх аъзолари бугунги ўйинда ишончли ўйин намойиш қилиб, кейинги босқич масаласини ижобий ҳал қилишади.
Ўзбекистон – Австралия ўйини Тошкент вақти билан соат 17:00да бошланади. Учрашув “Спорт” телеканали орқали “жонли” эфирда намойиш этилиши кўзда тутилган.
Гуруҳдаги 3-тур ўйинлари бир вақтда бошланишини эслатиб ўтамиз.
Манба: www.uff.uz