АсосийJamiyat

​123 ёшли фарғоналик момо: Яратган сабримни кўп синаган

'​123 ёшли фарғоналик момо: Яратган сабримни кўп синаган'ning rasmi

Ҳувайдо момо Умарова жуда машҳур аёл! У бу йил 123 ёшни қарши олди! Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги Қорақум маҳалласида яшовчи момо билан суҳбатлашиб, бир олам таассурот оласиз!

ҲАЁТИМ СИЗЛАРГА ЭРТАКДЕК ТУЮЛАДИ

Ҳувайдо момо УМАРОВА, 123 ёш:

– Бу бош не-не қийинчиликларни кўрмади, дейсиз. Бизнинг ёшлик чоғимиз нон олтиндан ҳам қиммат, очарчилик даврлари эди. Умр бўйи далада меҳнат қилдим. Оғир йилларга гувоҳ бўлдим. Кечаси буғдой ўриб, кундузи ғўза чопиқ қилардик. Иш ҳақи ўрнига икки ҳовуч маккажўхори ёки оқшоқ бериларди. Тушликда овқат ва зоғора нонни бажарган ишингизга яраша ўлчаб беришарди. Яхши ишлаганга уч ярим чўмич овқат тегарди. Бундай қийинчиликларга дош бериб, сабр билан яшаётганимизда уруш бошланган. Бутун қишлоқ эркаклари жангга кетган, биз хотин-қизлар эса оғир юмушларни елкамизга олиб, барини ўзимиз уддалардик.

Ўша кезлар 9 гектар ернинг ғўзасини бир ўзим суғориб, ҳар куни 250 килограммдан пахта терибман, денг. Қўлларим қадоқ бўлиб, белларим қавариб кетарди. Катта Фарғона каналини қазишда ҳам қатнашганман. Қурилишдаги ишчиларни ичимлик суви билан таъминлардик. Қаҳатчилик, очарчилик азоблари устига “халқ душмани”, деган тамға орқали не-не умрлар завол кетгани ҳеч эсимдан чиқмайди. Энди шулар ҳақида невараю чевараларимга айтиб берсам, ишонишмайди, эртакдек туюлади, уларга.

Яратган сабримни кўп синаган

– Ўн етти ёшда қўшни қишлоққа келин бўлдим. Ўн олти йил тирноққа зор бўлиб яшадик. Ахийри, яқинларимнинг қатъий қарори билан ажрашдик. Кейинроқ ён маҳалладаги йигитга беришди, мени. Орадан бир йил ўтгач, қизли бўлдик. Аммо хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади – ўттиз уч ёшда кўрган тўнғич фарзандим вафот этди. Кейинги сафар ҳам қизалоғимни эрта тупроққа қўйдим. 1935 йили сабр-қаноатимни синаган Аллоҳ қўчқордек ўғил ато этди. Унга яхши ниятлар билан Ҳошимжон дея исм бердик. Шундан сўнг бир этак фарзанд кўрдим – етти нафар ўғил-қизли бўлдик. Ҳозир бағрим тўлиб, кексалик гаштини суряпман. Болаларим жам бўлишса, катта тўй бўлиб кетади: 36 невара, 68 чевара, 28 эваранинг ўйин-кулгуси, ширин суҳбатлари кўнглимни тоғдек кўтаради.

Тишлари чиқди, сочлари ўсди

Дилором УМАРОВА, кенжа келини:

Бу хонадонга келин бўлиб тушганимга 33 йил бўлди. Мен келган вақтда қайнонамнинг кўзлари ожиз эди. ҳассага таяниб юрардилар. Охирги ўн йилликда эса бир жойда ўтирадиган бўлиб қолдилар. Кечаю кундуз назорат қилиб тураман. Тунлари бирга ётаман. Жуда кам ухлайдилар. Эрта тонгда таҳорат олгач, саловатлар айтиб, дуолар қилиб ўтирамиз. Аравачага ўтказиб, кўча-кўйга олиб чиқайлик десак, сира кўнмайдилар. Овқат оз ейдилар. Кўпроқ суюқ таомлар пиширинг дейдилар. Чой ўрнига қайнатилган сув ичамиз.

Онамизнинг тишлари иккинчи марта ҳам чиқиб, кўпи тўкилиб кетди. Сочлари қайта ўсиб, яна сийраклашиб қолган. Кўзлари кўрмай, мустақил юролмаганлари билан хотира кучли. Болалик, ёшлик чоғлари, колхозлаштириш даври, қулоқлаштириш йиллари, уруш машаққатлари, машъум қатағон воқеалари тўғрисида кўп гапирадилар. Тирик тарих дейсиз!

ГИННЕС КИТОБИГА КИРАДИ!”

Тўрақул УМАРОВ, кенжа ўғли, 55 ёш:

Онам бизнинг бахтимиз, бебаҳо бойлигимиз. Биз, фарзандлар – уч ўғил ва тўрт қиз баримиз қишлоқ хўжалигида фаолият юритиб, ўзимиз ҳам бугун кексаликка юз тутдик. Тўрт йил олдин тўнғич акамнинг вафоти волидам учун жуда кучли зарба бўлди. Акам билан боғлиқ хотираларни кўп эслайди. Онамнинг айтишича, узоқ умр кўриш уларнинг қонида бор экан. Аждодлари орасида ҳам бир асрдан зиёд ҳаёт кечирганлар кўпчилик. Масалан, дадаси Тошмат ота 101 йил, тоғаси Муллақодир ота 130 йил, аммаси Сайдинисо ая 125 йил умр кўришган экан. Аямнинг улардан ҳам кўпроқ яшашини Худодан сўраймиз!

Икки йил аввал онангизниДунёнинг энг кекса кишисисифатида Гиннес рекордлари китобига киритиш ҳақида ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозаралар бўлган эди. ҳатто ўтган йили ҳувайдо момонинг исм-фамилияси ушбу китобга қайд этилгани тўғрисида ҳам гап-сўзлар қулоққа чалинди.

– Юртимизнинг барча ҳудудларида ўтказилган ёшлар фестивалида бир гуруҳ санъаткорлар хонадонимизда меҳмон бўлишганди. Ўшанда актёр Алишер Узоқов ва кўплаб таниқли кишилар онам билан суратга тушиб, ушбу китобга киритиш масаласини гапиришганди. Улар кетганидан кейин уч-тўрт кун ўтгач, онамни зиёрат қиладиганлар кўпайиб кетди. Турли вилоятлардан юртдошларимиз келишди.

Гиннес рекордлари китобига киритиш ҳақидаги мунозаралардан хабаримиз бор. Лекин ҳали бирор янгилик эшитганимизча йўқ. Бу масалани журналистлар ва қизиқувчилар кўп муҳокама қилишяпти. Аммо икки йилдирки, тайинли жавоб келмади. Аслида, бунга қизиқсак-да, қаерга мурожаат қилишни, кимлардан аниқ маслаҳат ва хулосалар олишни билмаймиз, очиғи. Ўша жаҳонга машҳур китобдан ҳам насиб қилса ўрин олиб қолар, онамиз. Асосийси,соғ-омон-ку! Шунисига шукр!

Миролим ИСАЖОНОВ,

журналист

    Бошқа янгиликлар