АсосийЖамият

Эрта никоҳ учун жавобгарлик кучайтирилиши мумкин

Эрта никоҳ ва эрта туғруқларнинг олдини олиш чораларини кескин кучайтириш мақсадида Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги тизимлари интеграция қилинган.

'Эрта никоҳ учун жавобгарлик кучайтирилиши мумкин'ning rasmi

Ўзбекистон президенти эрта никоҳ учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Муродбек Маҳмудов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг қайд этишича, эрта никоҳ ва эрта туғруқларнинг олдини олиш чоралари кескин кучайтириш мақсадида Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги тизимлари интеграция қилинган. Натижада эрта туғруқларни яшириш ҳолатларига чек қўйилганини қайд этди. Уларни дарҳол аниқлаш ва тегишли чора-тадбирларни белгилаш имконияти кенгайтирилган.

Никоҳланиш бўйича амалдаги тартиб — Оила кодексининг 15-моддасига кўра, никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланган. 2022 йилгача аёллар учун 17 ёш эди, лекин бу 2022 йилдан бошлаб 18 ёшга кўтарилди.

Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш БҲМнинг 7 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-3-моддасида белгиланган.

Никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш эса БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Бу Жиноят кодексининг 125-1-моддасида белгиланган

    Бошқа янгиликлар