Ўзбекистонда 40-50 йилдан бери ҳаракатланиб келаётган автомашиналар тез орада истеъмолдан чиқарилиши мумкин. Бу ҳақда “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров ўз саҳифасида ёзди.
Унинг айтишича, 9 июль куни президент раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида бир қатор муҳим таклиф ва тавсиялар муҳокама қилинган. Шулар қаторида, ёши 40-50 йилга етган автомобилларни босқичма-босқич ҳаракатдан чиқариш масаласи ҳам тилга олинган.
“Бу жуда тўғри таклиф. Ҳатто бу чекловни 25-30 йилга тушириш ҳам нотўғри бўлмайди, деб ўйлайман. Фақат машинани алмаштириш учун қулай шароитлар яратилиши керак”, — дейди депутат.
Йиғилишда, шунингдек, давлат ходимларининг иш жойи олдида шахсий автомашиналарини нотўғри жойлаштиргани учун жазога тортилиши белгиланди. Қодиров бу борада “қонун ҳаммага баробар бўлиши керак”лигини урғулаб ўтди.
Видеоселекторда эълон қилинган бошқа чоралар:
— “Сурункали қоидабузарлар” дастури ишга тушади;
— Қизил чироқда 2-марта ўтиш ёки 5 марта тезликни ошириш — 1 йилгача чегирмасиз жарима;
— Тезлик чекловлари жой ва заруратга қараб белгиланиши керак.
Қодиров магистраль йўлларда баъзида 130 км/соат тезликда ҳаракат қилишга рухсат бериш зарурлигини айтган. Шу билан бирга, қасддан қоидабузарларга “аёвсиз жарима” қўллашни маъқуллаган.
Ички ишлар ходимларини тайёрлаш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди. Депутат бу борадаги ислоҳотларни оғриқли, аммо зарур деб атади.
“Формадаги одам жамиятга фахр бўлиши керак, таниш-билиш эмас, билимли, ватанпарвар кадрларга эҳтиёж катта”, — дея таъкидлади у.
Яқин келажакда қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилиши, жумладан, 2030 йилгача Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида “Евро-5” талабларига жавоб бермайдиган автомобилларнинг ҳаракати босқичма-босқич чекланиши режалаштирилмоқда.