Тошкентда саккизинчи Марказий Осиё савдо форуми бўлиб ўтади

ИҚТИСОДИЁТ 11.10.2018, 10:14
Тошкентда саккизинчи Марказий Осиё савдо форуми бўлиб ўтади

Халқаро миқёсда эътиборга сазовор бизнес тадбир – саккизинчи Марказий Осиё савдо форуми биринчи бор Ўзбекистонда ўтказилади. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинаётган ушбу тадбир 2018 йил 17-18 октябр кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

Марказий Осиё савдо форуми (МОСФ) Марказий Осиё мамлакатлари ишбилармон доиралари вакиллари, халқаро ташкилотлар, минтақа ва жаҳоннинг таниқли сиёсий ва жамоат арбоблари иштирокидаги йиллик тадбирдир. Бу йилги форумда 1000 дан зиёд делегат иштирок этиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги ўртасида Тошкентда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё савдо форумини ташкиллаштириш тўғрисидаги меморандум имзоланган.

Марказий Осиё савдо форуми мисли кўрилмаган платформа бўлиб, бизнес жамиятига истиқболда 70 миллиондан ошиқ мижози мавжуд Марказий Осиёнинг ривожланаётган бозорларидаги янги имкониятлар билан танишишга имкон беради. Осиё, АҚШ, Европа ва Яқин Шарқдан корхоналар раҳбарлари, давлат арбоблари ва мутахассислар ўз ғояларини алмашиш, шартномалар тузиш ва келажакдаги ҳамкорлик учун янги шерикчилик яратишда ушбу форумнинг ўрни муҳим.

Бу йил “Савдо ва инвестицияларни ривожлантиришда янги истиқболлар” деб номланган форум Марказий Осиёнинг, айниқса Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро савдо учун очилиб бораётганини акс эттирмоқда. Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш суръатини тезлаштириш учун валюта либерализациясидан бизнес соҳасидаги ислоҳотларгача бўлган қатор чоралар кўрилмоқда. Форум билан бир пайтда савдо кўргазмаси ҳам бўлиб, унда бутун минтақадаги турли тармоқлар, шу жумладан, транспорт, туризм, ахборот технологиялари, асбоб – ускуна ишлаб чиқариш, мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлаш ва ҳ.к. корхоналар иштирок этади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1