1

МИБ ходими ҳаётига суиқасд қилган фуқаро 10 йилу 3 ойга қамалди

ЖИНОЯТ 12.10.2018, 21:26
МИБ ходими ҳаётига суиқасд қилган фуқаро 10 йилу 3 ойга қамалди

Яқинда ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Бувайда туманида Мажбурий ижро бюроси ходими ҳаётига суиқасд қилингани ҳақида турли хабарлар тарқалди. Уни турлича талқин қилганлар ҳам бўлди. Хўш, аслида нима бўлган эди?

Жорий йил 18 май куни соат 16:00ларда Мажбурий ижро бюроси бўлими давлат ижрочиси А.Аҳмедов Бувайда тумани Алишер Навоий кўчасидаги “Аброр Феруз савдо сервис” оилавий корхонасига фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг 2017 йил 5 октябрдаги даъвогар “Маҳбуба Зулфия” масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган “Янгиқўрғон” автошоҳбекатида жойлашган ер майдонига жавобгар томонидан ноқонуний қурилган девор ва ўрнатилган металл дарвозани ўз ҳисобидан буздириш ҳақидаги қарори юзасидан ижро ҳаракатини амалга ошириш учун боради.

Судланувчи А.Абдувалиев МИБ ходимига фаол қаршилик кўрсатиб, дўкон ичига киритмасдан, дастлаб кўкрагидан итариб юборади, шаъни ва қадр-қимматини камситувчи сўзлар билан ҳақоратлайди. Дўкон ичидан икки дона чопқини олиб, давлат ижрочиси А.Аҳмедовни қасддан ўлдириш мақсадида бош қисмига бир марта уриб, жароҳат етказган. Давлат ижрочисини қонуний ижро фаолиятини амалга оширишдан воз кечишга мажбур қилган. Лекин А.Аҳмедовнинг фаол қаршилиги ва шу ерда бўлган бошқа фуқаролар ҳаракати натижасида жиноий ҳаракатларини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда охирига етказа олмаган.

Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси Д.Холиқназарова раислигида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Судланувчи А.Абдувалиев айбига иқрор ва қилмишидан пушаймон бўлиб кўрсатма берди. Суд мажлиси давомида жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб, судланувчи А.Абдувалиевга Ўзбекистон Республикаси ЖК 25,97-моддаси 2-қисмининг “г” банди ва 219-моддасининг 2-қисми билан Жиноят кодекси 57, 59-моддалари тартибида узил-кесил 10 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд томонидан А.Абдувалиевга жазо тайинлашда унинг айбига иқрор ва қилмишидан пушаймонлиги, шахси, оилавий аҳволи, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги, жабрланувчининг унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, жазо тайинланди, деб ёзмоқда ЎзА.

Афсуски, бугун орамизда ўз хизмат вазифасини ўтаётган МИБ ходимлари фаолиятига жиддий тўсқинлик қилиш, ҳақоратлаш, ҳатто уларга тан жароҳати етказиш каби салбий ҳолатлар ҳам учраб турибди. Ваҳоланки, МИБ ходимининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳамда унинг талабларини бажармаслик қонунга ҳурматсизликдир. Бувайда туманида содир этилган мазкур жиноят ҳам барча учун сабоқ бўлиши керак. Суд содир этилган жиноятнинг сабаби ва унинг содир этилишига имкон берган шароитларни бартараф қилиш юзасидан судланувчининг яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғинига хусусий ажрим чиқарди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1