1

Халқаро ярмаркада 580 минг тонна пахта толасини сотиб олиш бўйича шартнома имзоланди

ЖАМИЯТ 15.10.2014, 17:54
Халқаро ярмаркада 580 минг тонна пахта толасини сотиб олиш бўйича шартнома имзоланди

Тошкент шаҳрида 13-14 октябрь кунлари бўлиб ўтган X Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида 580 минг тонна Ўзбекистон пахта толасини сотиб олиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича эса бир миллиард АҚШ долларидан зиёд миқдордаги шартномалар имзоланди, дея хабар беради uza.uz.
Анжуман доирасида ўтган халқаро конференция иштирокчилари қарийб 50 мамлакатдан мингдан ортиқ ишбилармон доира вакиллари, экспертлар ва мутахассисларни ўзида жамлаган ушбу ярмарка 2014 йил жаҳон пахта саноатининг энг муҳим тадбирларидан бири бўлганини таъкидлади.

Истиқлол йилларида мамлакатимиз енгил саноатига 2 миллиард доллар миқдоридаги инвестициялар жалб этилди. Сингапур, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия, Европа иттифоқи ва МДҲ мамлакатлари, Япония, АҚШ ва бошқа давлатларнинг сармоядорлари иштирокида янги корхоналар қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича икки юздан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Ярмаркада ушбу корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳам намойиш этилди.
Ярмарканинг хорижлик иштирокчилари Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлиги ва бундан манфаатдорлигини билдирди. Улар мамлакатимиз ҳудудларининг инвестиция салоҳияти, тўқимачилик соҳасини ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар тақдимот маросимида иштирок этди, шунингдек, Тошкент вилоятидаги «Ўзбекистон» пахтани қайта ишлаш заводи, “Тошкент-тола” пахта терминали ва «Uztex-Chirchiq» корхонаси фаолияти билан танишди.
Ярмарка Ўзбекистон пахта толаси ва тўқимачилик маҳсулотларининг юқори сифати ҳамда рақобатбардошлигини яна бир бор намойиш этди. Бу замонавий иқтисодий шароитда мамлакатимиз янги бозорларни забт этиши ва жаҳон бозоридаги ўз ўрнини янада мустаҳкамлаши учун барча имкониятларга эга эканидан далолат беради.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1