14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов раислигида бўлиб ўтган селектор давомида Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Иномович Ибрагимов ҳайфсан олди, деб хабар бермоқда «Kun.uz».
Маълум қилинишича, вилоят раҳбари 2018 йилги пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини ўта суст ташкил этгани ва масъулиятсизликка йўл қўйгани учун огоҳлантирилган.
Шунингдек, йиғилиш вақтида Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, подполковник Абдумалик Абдуқодирович Алламуродов ишдан олинган. У шу йилнинг январидан буён вилоят ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.
Нашрнинг маълум қилишича, Тошкент вилояти прокурори вазифасини бажарувчи Шавкат Тўрақулович Раҳматов ҳам лавозимини тарк этган. У ўз ихтиёри билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган.
Шавкат Раҳматов шу йилнинг июлида Тошкент вилояти прокурори вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди. У 2018 йилнинг январидан вилоят прокурори сифатида ишлаб, июль ойида Сурхондарё вилояти ҳокими этиб тайинланган Баҳодир Бахтиёрович Пўлатов ўрнини эгаллаганди. У бунгача Пўлатовнинг ўринбосари сифатида ишлаганди.
Қайд этиш керакки, Раҳматов кейинги 12 ой ичида Тошкент вилоятининг тўртинчи прокурори бўлганди.






