АсосийJamiyat

Бутунжаҳон кўкрак бези саратонига қарши кураш куни муносабати билан акция ўтказилмоқда

'Бутунжаҳон кўкрак бези саратонига қарши кураш куни муносабати билан акция ўтказилмоқда'ning rasmi

Бугун, 15 октябрь – Бутунжаҳон кўкрак бези саратонига қарши кураш куни муносабати билан Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси махсус акция ўтказмоқда.

Йўл патрул хизмати ходимлари аёл ҳайдовчиларга кўкрак бези саратонини олдини олишни эслатувчи махсус тайёрланган тасма нишонларини тарқатмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар аёлларимизнинг ўз соғлиқларига эътиборсиз бўлмасликларини эслатиши шубҳасиз.

Маълумки, бугунги кунда кўкрак бези саратони дунё ҳамжамиятини қаттиқ ташвишга солиб, кўплаб аёлларнинг бевақт ўлимига сабаб бўлмоқда. Маълумотларга кўра, ҳар йили ушбу касалли туфайли 1,5 миллиондан ортиқ аёл дунёдан кўз юмади. Таассуфки, ушбу касаллик йилдан-йилга ёшариб боряпти. Илгарилари ушбу касаллик 50-60 ёшли аёллар ўртасида кузатилган бўлса, бугунги кунда унинг илк асоратлари ўсмир қизларда ҳам кузатиляпти. Мазкур касалликнинг келиб чиқиш сабаби ва даъво чоралари аниқ эмаслиги эса ўз вақтида унга қарши курашишни талаб этади.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 1993 йилдан буён октябрь ойи кўкрак бези саратони бўйича жаҳон ойи саналиши эълон қилинган. Бундан ташқари, ҳар йили 15 октябрь – Бутунжаҳон кўкрак бези саратонига қарши кураш куни сифатида белгиланган.

Кўкрак бези саратонининг олдини олинг!

Хўш, тиббиёт мутахассисларининг бу борадаги дастлабки маслаҳатлари нималардан иборат?

Энг аввало, соғлом овқатланиш маданиятига риоя этиш зарур. Чунки онкологик касалликларнинг келиб чиқишига, аввало, нотўғри овқатланиш жиддий сабаб бўлмоқда. Яъни, таркибида инсон соғлиғи учун зарарли моддалари бўлган озиқ-овқат ва ичимликларни истеъмол қилиш саратонга олиб келиши замонавий илм-фанда тўлиқ тасдиғини топган. Бундай озиқ-овқатлар қаторига қизил гўшт, колбаса ва бошқа қайта ишланган маҳсулотлар, ёғли таомлар, шакар, тузни киритиш мумкин. Бундан ташқари, чекиш, ичиш, семизлик ҳам саратонни келтириб чиқарувчи омиллар сирасига киради. Бундан ташқари, соғлом турмуш тарзига тўла риоя этиш, белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтиш, болаларни юқумли касалликларга қарши ўз вақтида эмлатиш, жисмонан фаол бўлиш онкологик касалликларнинг олдини олишнинг муҳим омилидир.

    Бошқа янгиликлар