1

16-18 октябрь кунлари Тошкент дзюдо кураши бўйича Гран-При туркумига кирувчи йирик халқаро турнирга мезбонлик қилади

СПОРТ 16.10.2014, 13:07
16-18 октябрь кунлари Тошкент дзюдо кураши бўйича Гран-При туркумига кирувчи йирик халқаро турнирга мезбонлик қилади

Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 16-18 октябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт саройида дзюдо кураши бўйича Гран-При туркумига кирувчи йирик халқаро турнир ўтказилади.
Бугун мазкур нуфузли мусобақа олдидан матбуот анжумани ўтказилди. “Ўзбекистон” меҳмонхонасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Халқаро дзюдо федерациясининг етакчи мутахассислари, Тошкент Гран-Присининг ташкилий қўмита раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раҳбарияти ва ОАВ ходимлари иштирок этдилар.
Журналистлар саволларига жавоб берган мутахассислар – дзюдо кураши бўйича Гран-При туркумига кирувчи мусобақалар ҳар йили дунёнинг ўнта давлатида ўтказилиши, унинг даражаси ва аҳамиятли томонлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтдилар.
Жумладан, бу йилги Тошкент Гран-При турнири ҳам ўтган йилги мусобақа каби (Гран-При туркумига кирувчи турнирлардан бири 2013-2016 йиллар давомида Тошкент шаҳрида ўтказилади) юқори савияда ташкил этилгани, бу йилги турнир 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун рейтинг очколарини ўйналиши билан янада аҳамиятли эканлиги ва унда дунёнинг кўплаб номдор спортчилар гиламга тушишини, бу эса ўз навбатида ҳар бир вазн тоифасида кечадиган беллашувларни янада муросасиз курашларга бой бўлишини таъкидлаб ўтишди.
Тошкент Гран-При турнирининг мукофот жамғармаси 100.000 АҚШ долларидан иборат бўлиб, ҳар бир вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллаган спортчига 300 рейтинг очкоси, кумуш медаль соҳибларига 180 рейтинг очкоси ва ниҳоят бронза медали эгалари 120 рейтинг очкосига эга бўлади.
Ўзбекистон терма жамоаси таркибида (мезбон давлат сифатида) ҳар бир вазн тоифасида 4 нафаргача спортчи иштирок этиши мумкин. Республика дзюдо федерацияси раҳбариятининг сўзларига кўра, терма жамоамиз таркибидан Олимпиада ўйинлари совриндорлари, Жаҳон ва Осиё чемпионлари, шунингдек, қатор йирик халқаро турнир ғолиб ва совриндорлари билан бирга, бир қатор ёш, иқтидорли полвонлар ҳам ўрин эгаллашган.
Гран-При турнирининг тантанали очилиш маросими 16 октябрь куни соат 16:15да “Ўзбекистон” спорт саройида бошланади. Бу йилги мусобақаларда 42 давлатдан 282 нафар спортчи (142 нафар эркаклар - 140 нафар хотин-қизлар) 14 вазн тоифасида (7 вазн тоифасида эркаклар - 7 вазн тоифасида хотин-қизлар) ғолиблик учун кураш олиб борадилар.
Маълумот учун. 2013 йили Тошкент шаҳрида ўтказилган Гран-При турнирида мамлакатимиз полвонлари 5 та олтин, 3 та кумуш ва 5 та бронза медалига сазовор бўлишган. Бундан ташқари 9 нафар спортчимиз бешинчи, 13 нафари эса 7-ўринни эгаллашган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси
матбуот хизмати

Манба: www.olympic.uz 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1