1

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Ёшлар меҳмонхоналари қурилади

ЖАМИЯТ 20.10.2018, 14:35
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Ёшлар меҳмонхоналари қурилади

Ҳозирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқилган «Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Марғилон ва Тошкент шаҳарларида Ёшлар меҳмонхоналари қурилишини ташкил этиш манзилли режаси» тасдиқланиши кутилмоқда.

Унга кўра, Ёшлар меҳмонхоналарини қуриш ва реконструкция қилиш учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг «Ёшлар қурилиш инвест» компанияси – буюртмачи этиб белгиланади.

Бош лойиҳачилар ҳамда бош пудратчилар қонунчиликда белгиланган тартибда танлов савдолари (тендер) натижалари асосида аниқланади.

Ёшлар меҳмонхоналарини қуриш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ёшлар меҳмонхоналарида ёшлар туризми учун қулай инфратузилма ва ижтимоий объектларни ташкил этишни инобатга олган ҳолда улар хостелларга тенглаштирилади ҳамда амалдаги қонунчиликда ҳостеллар учун кўзда тутилган давлат стандартлари талабларига мувофиқ ўз фаолиятини олиб боради.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқига хусусий инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар якунлари бўйича инвестиция шартномаларини тузиш орқали Ёшлар меҳмонхоналарини қуриш ва фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади.

Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари иловадаги манзилли режада белгиланган ҳудудларда Ёшлар меҳмонхоналарини қуриш учун шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ ер майдонларини ўрнатилган тартибда ажратадилар.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1