1

Ёшларимизда ватанпарварлик туйғусини оширишга кўмак бергувчи яна бир китоб нашр этилди

ЖАМИЯТ 20.10.2018, 16:14
Ёшларимизда ватанпарварлик туйғусини оширишга кўмак бергувчи яна бир китоб нашр этилди

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан халқимизда, айниқса, ёшларимизда ватанпарварлик, юртга садоқат каби юксак туйғуларни оширишга кўмак бергувчи китоблар кетма-кет нашр этиб келинмоқда. Чунончи, яқинда ушбу маърифат ўчоғи томонидан “Мард ўғлонлар номи барҳаёт” номли хотира китоби чоп этилган эди. Шу кунларда эса “Ўзбекистон” НМИУ ёшларимизга яна бир туҳфа тайёрлади – қуролли кучлар хизматчиси Шерзод Ҳикматовнинг “Шаҳдам қадамлар сеҳри” номли китоби нашр қилинди.

2018 йил 19 октябрь куни Пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 август кунидаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори доирасида чоп этилган “Шаҳдам қадамлар сеҳри” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Тошкент шаҳар Мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Тошкент шаҳар Халқ таълим бош бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фахрийлари, ижодий уюшмалар ва жамоат ташкилоти мутасаддилари, ёзувчи-шоирлар, ёшлар иштирок этди.

Айтиш жоизки, мазкур китоб тинч ва фаровон ҳаёт йўлида қилинаётган амалий саъй-ҳаракатлар батафсил аниқ мисоллар билан ёритиб берилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Китоб уч қисмдан иборат бўлиб, унда ҳарбий хизмат давомидаги аҳамиятга эга бўлган ҳаётий воқеалар, ёшларда жанговорлик, шижоатни уйғотувчи шеърлар ҳамда қатралар жой олган. Хусусан, “Фидоси бўл шу юртнинг”, “Ватанни мардлар асрайди”, “Бурч масъулияти”, “Шахдам қадамлар сеҳри”, “Қалбни мудроқ босмасин”, “Ҳаёт сабоқлари” каби қатра лавҳалар, шунингдек, чуқур мушоҳадага чорловчи уйғоқ шеърий сатрлар ҳар бир китобхонни ўзига жалб этади.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким ушбу китобнинг бугунги кунимиз учун, улғайиб келаётган ёшлар тарбияси учун бўлган аҳамиятига батафсил тўхталди.

Шунингдек, тадбирда бўлажак жажжи ватан ҳимоячилари ўзларининг чиқишлари билан йиғилганларни хушнудлик бағишлади.

Тақдимот сўнгида эса таниқли санъаткорлар ҳамда Тошкент ҳарбий округи Чирчиқ гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри томонидан намойиш этилган концерт дастури йиғилганларга ўзига хос шукуҳли кайфият улашди.

ЎзМАА “Ўзбекистон” НМИУ

Матбуот хизмати

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1