Пойтахтимиздаги “Кўргазма савдо маркази” мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган “Кичик бизнес маҳсулотлари ва ускуналари” халқаро кўргазмаси иш бошлади. Бу ҳақида ЎзА хабар беради.
Унинг очилиш маросимида бозорларимиз тўкинлигини таъминлаётган ва рақобат муҳитини шакллантираётган кичик бизнес иқтисодиётимизнинг юқори суръатлар билан янада ривожланишига кўмаклашаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари учун рағбат бўлиб хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда ўтказилаётган халқаро кўргазмалар бу борада муҳим аҳамият касб этаётир. Иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қулай инвестиция муҳитини шакллантиришга қаратилган ушбу кўргазмаларда Ўзбекистонда бизнесни ривожлантиришнинг кенг имкониятлари намойиш этилмоқда. “Кичик бизнес маҳсулотлари ва ускуналари” халқаро кўргазмаси ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир.
Мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари стендлари кўргазмага келганларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Масалан, юртимизда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотлари, табиий хомашёдан тайёрланган пойабзаллар юқори баҳоланмоқда.
Кўргазма доирасида давра суҳбатлари, тақдимотлар, маҳорат сабоқлари ва амалий музокаралар ташкил этилади.
17.10.2014 08:08





