Ёшларнинг барча қатламларини китобхонликка жалб этиш ва жойларда адабий муҳитни шакллантириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.
Келажак бунёдкорлари ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш мақсадида «Ёш китобхон» танлови ташкил этилган. Жорий йилда иккинчи марта ўтказилаётган «Ёш китобхон» республика танловининг Тошкент шаҳар босқичи 26 октябрь куни Тошкент шаҳридаги «Ёшлар ижод саройи»да бўлиб ўтди. Ушбу танловда ташкилотчилар томонидан бу йил кўп сонли ёшларнинг таклифлари асосида 10-14 ёш тоифаси ҳам қўшилди. Бу эса китоб ўқишга қизиқувчилар сонини янада оширмоқда. “Ёш китобхон” танловиорқали 9 нафар 10-14 ёш тоифасидаги иштирокчилар адабиёт бўйича ўзларининг билимларини имтиҳон қилиб олишди.
Танлов қатнашчилари “Буюк мутафаккир ва адиб” ва “Бадиий асарлар билимдони” шартлари асосида беллашишди. Уларни адабиёт соҳасининг тажрибали вакиллари ҳакамлар ҳайъати сифатида шаффоф тарзда баҳолаб боришди.
Танловнинг биринчи шартидаги саволларга жавобаништирокчилар Мирзо Улулғбек, Александр Пушкин, Миркарим Осим, Чингиз Айтматов, Эркин Воҳидов, Ойбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ўткир Ҳошимов, Абдулла Қаҳҳор каби қатор адабиёт намоёндалари ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотлар беришди. Галдаги шарт ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарининг шарҳига бағишланди.
Ҳакамлар ҳайъати баҳолаш жарёнида ёзувчи ҳаёт ва ижоди, асарлари ва уларнинг мазмун-моҳияти, адибнинг эътироф этилишига доир жавобларнинг аниқ ва тўғрилигига эътибор қаратишди.
Саралаш натижаларига кўра, Учтепа тумани 193-сонли умумтаълим мактабиўқувчиси Салоҳиддин Қаҳҳоров мутлақ ғолиб деб топилди. 2-ўрин Сирғали тумани 104-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Мафтуна Арзиқуловага насиб этди. 3-ўринни эса Бектемир тумани 290-сонли умумтаълим мактаби ўқувчисиШаҳрибону Оқмаматова эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан 1-ўрин соҳибиганоутбоок, 2-ўрин ғолибига планшет, 3-ўрин эгасига китоблар жамланмаси тақдим этилади. Ғолибларни тақдирлаш маросими 27 октябрь куни Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтади.