1

Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Умра сафарига жўнаб кетди

ЖАМИЯТ 29.10.2018, 15:18
Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Умра сафарига жўнаб кетди

Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Умра сафарига жўнаб кетди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати хабар берди. Уларни кузатишга қўмита раиси ўринбосари Нуримон Абулҳасан қатнашди.

"Мамлакатимизда миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, жумладан, жорий этилаётган қулайликлар юртдошларимизнинг кўнглини кўтариб, мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик ва бағрикенглик муҳитига шукроналик келтиришида муҳим омил бўлмоқда", - деб таъкидлади Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари.

Бошланган Умра мавсумини юқори савияда ташкил этиш учун барча чора-тадбирлар кўрилди. Зиёратчилар учун қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳаж ва Умра амалларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан юртдошларимизга хизмат кўрсатиш ишлари мувофиқлаштириб борилаётир.

Ҳаж ибодатларини тўла-тўкис адо этиш, бу борадаги тартиб-қоидалар, шунингдек, сафар талаблари хусусида тушунтириш бериш мақсадида жойларда зиёратчилар гуруҳлари учун сафаролди учрашувлари ташкил этилди.

Ватандошларимиз Мадина шаҳридаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилганидан сўнг Макка шаҳрига йўл олади. Зиёратчилар учун мавсум давомида 5 юлдузли меҳмонхона, ошхона ва транспорт хизматлари юқори савияда ташкил этилади.

Аввал хабар қилганимиздек, ҳукумат қарори билан жорий йилдан Умра мавсуми йил бўйи узлуксиз давом этиши эълон қилинди. Авваллари муайян ўзбекистонлик зиёратчилар Умра сафарига отланган бўлса, ҳозирда бу чекловлар олиб ташланди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, шу пайтга қадар ҳар йили 5 минг юртдошимиз Ҳаж сафарига ва 6 минг нафари эса Умра зиёратларига борган. Мамлакатимиз мустақилликка эришгунча, яъни 1943-1991 йилларда бор-йўғи 140 нафарга яқин юртдошимиз муборак Ҳаж сафарига бориш бахтига мушарраф бўлган.

2019 йилдан бошлаб йилига минглаб ватандошимиз умра амалларини бажариш имконига эга бўлишади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1