1

Ҳайдовчи махсус текширувга боришдан бўйин товласа, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан уч йилгача маҳрум этилиши мумкин

ЖАМИЯТ 30.10.2018, 12:24
Ҳайдовчи махсус текширувга боришдан бўйин товласа, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан уч йилгача маҳрум этилиши мумкин

Бу жорий йил 22 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган.

Мазкур қонунда транспорт воситаларининг бошқаруви билан боғлиқ муаммоларни янада тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир неча моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Кодекснинг 1283-моддасининг учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларидаги жарималар миқдори ва жазо тури ўзгарди. Хусусан, ҳайдовчи бошқарувидаги транспорт воситаси билан мазкур модданинг учинчи қисмида белгиланган тезлик нормасини бузса, яъни ҳайдовчилар траспорт воситаси билан белгиланган нормадан соатига 40 километрдан юқори тезликда ҳаракатланса, унга нисбатан энг кам иш ҳақининг тўққиз баравари миқдорида жарима белгиланадиган бўлди.

Ҳайдовчилар белгиланган тезликни нормасидан оширгани сабаб икки маротаба маъмурий жазога тортилган бўла туриб, бир йил давомида ушбу ҳуқуқбузарликни такроран содир этса, юқоридаги модданинг тўртинчи қисмига асосан энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жаримага тортилади ёки бир йил муддатгача транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Ушбу турдаги ҳуқуқбузарликни содир этгани учун уч маротаба маъмурий жазога тортилгандан кейин бир йил давомида такроран шу ҳолатни содир этса, мазкур модданинг бешинчи қисмида қайд этилганидек, икки йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади ва энг кам иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида жаримага тортилади.

Эндиликда ҳайдовчилар транспорт воситаларини спиртли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқарса, 131-моддага мувофиқтранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача бўлган муддатга маҳрум этилиб, энг кам иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида жаримага тортилади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахслар томонидан содир этиладиган бўлса, уларга нисбатан энг кам иш ҳақининг қирқ баравари миқдорида жарима солинади ёки ўн беш суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланади.

Бундан ташқари, спиртли ичимлик, гиёҳванд модда ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда бўлган шахсга транспорт воситасини бошқариш учун берган шахсга нисбатан ҳам энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима тайинланади ёки икки йилдан уч йилгача бўлган муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Йўл ҳаракати қоидаларини бузиши сабабли ҳайдовчи транспорт воситаси билан жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорида моддий зарар етказса, кодекснинг 133-моддасига мувофиқ, энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача бўлган миқдорда жаримага тортилади ёки бир йилдан уч йилгача транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Шунингдек, ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши натижасида транспорт воситалари, йўл ҳаракатини тартибга солувчи воситалар ёки бошқа мол-мулк шикастланишига олиб келса, ҳайдовчига нисбатан энг кам иш ҳақининг икки бараваридан тўрт бараваригача бўлган миқдорида жарима белгиланади ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойдан бир йилгача маҳрум этилади. Етказилган зарар миқдори энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан кам бўлган ҳолатлар бундан мустасно.

Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатларсиз транспорт воситаларини бошқарган шахслар кодекснинг 135-моддасининг биринчи қисми, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик ҳақидаги, шунингдек транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса лицензия карточкаси ёки йўл варақаси ёнида бўлмаган ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариши ҳамда ишончномаларни, транспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ва ижарага бериш шартномаларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказмасдан транспорт воситаларини бошқарса, энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жаримага тортилади. Иккинчи қисми бўйича эса яъни транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг шу воситаларни бошқариши, худди шунингдек бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқариши учун топширилиши энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида ҳамда учинчи қисми, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг бундай воситаларни бошқаргани учун энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима белгиланади.

Биламизки, автомашина бошқарувига маст ҳолда ўтириш турли кўринишдаги фалокатлар юз беришига олиб келади. Айнан йўллардаги хавфсизликни таъминлаш мақсадида транспорт воситалари ҳайдовчилари ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчилари спиртли ичимлик ичган ёки ичмаганлигини аниқлаш мақсадида жорий этилган текширувга боришдан бўйин товлаганлик учун ҳам қонуний жавобгарликка тортиш кучайтирилди. Хусусан, кодекснинг 136-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ҳайдовчи текширувга боришдан бош тортгани учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача бўлган муддатга маҳрум қилиниб, қўшимча тарзда энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жаримага тортилади.

Қайд этиш керакки, қонун 3-моддасининг 15-банди мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилади; қонун 3-моддасининг 3-банди, 28-бандининг иккинчи хатбошиси мазкур қонун расмий эълон килинган кундан эътиборан олти ой ўтгач амалга киритилади.

Мирзо Улуғбек Мадалимов,

ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси ходими.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1