1

Ислом Каримов 17 октябрь куни БМТ Бош котибининг ўринбосари, Тараққиёт дастурининг раҳбари Ҳелен Кларкни қабул қилди

ЖАМИЯТ 18.10.2014, 12:40
Ислом Каримов 17 октябрь куни БМТ Бош котибининг ўринбосари, Тараққиёт дастурининг раҳбари Ҳелен Кларкни қабул қилди

Давлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, хусусан, БМТ Тараққиёт дастури билан самарали ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида халқаро жараёнларда фаол иштирок этиб, долзарб масалалар, жумладан, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, унинг изчил ривожланишини таъминлаш, атроф-муҳит муҳофазаси бўйича амалий ташаббусларни илгари сурмоқда. 

Суҳбат чоғида сўнгги 20 йилда мамлакатимизда БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда умумий қиймати 184 миллион АҚШ долларидан зиёд 211 лойиҳа амалга оширилгани қайд этилди. Жорий йилда Ўзбекистонда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ва Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган кенг кўламли демократик, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга доир ўттиздан ортиқ лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда.
БМТ Бош котибининг ўринбосари Ўзбекистоннинг иқтисодий ютуқларига, яъни мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг ўсиш даражаси кейинги 10 йил давомида йилига 8 фоиздан зиёдни ташкил этаётганига юксак баҳо берди.
Ҳелен Кларк Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг Бош котиби Пан Ги Мун номидан шу йил октябрь ойининг охирида Урганч шаҳрида бўлиб ўтадиган «Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусидаги халқаро конференцияни қўллаб-қувватлашини билдирди. Ушбу халқаро анжуман Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилаётган Ўзбекистон томонидан таклиф этилган ва БМТ Бош ассамблеясининг 68-сессиясида расмий ҳужжат сифатида тарқатилган «Орол денгизи қуришининг оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйида экотизимлар ҳалокатининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастури»ни амалга ошириш доирасида ўтказилмоқда.
Учрашувда Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигини янада ривожлантиришга доир бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. 

uza.uz

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1