“Кишмиш қўшиб бол бераман – есангиз. Юрагимдан жой бераман – келсангиз...” Ушбу сўзлар билан эстрада йўналишида ўз дастхатини қолдирган Хоразм воҳаси вакили Азиза Ниёзметова 14 октябрь куни 46 ёшида бу фоний дунёни тарк этди...
Санъатда ўз ўрнига эга ижодкорни хотирлаб дўст ва ҳамкасблари билан суҳбатлашдик...
“БЎЛДИ, ЎЗИМ УЧУН ЯШАЙМАН” ДЕБ, ЭНДИ ТИН ОЛМОҚЧИ ЭДИ...”
Толиб ИСРОИЛОВ, бошловчи ва хонанда: — Азиза Ниёзметова билан бир замон ва даврнинг ижодкорлари бўлдик. Илгари фақат салом-алик қилардик, холос. Сўнгги уч-тўрт йил ичида эса муносабатларимиз мустаҳкамланди. Узоқ сафарда юзлашиб, шундан сўнг яқин дўст, ака-сингилга айланганмиз. Шу кунгача оилавий борди-келди қилардик. У яхши ҳамроҳ, дилкаш суҳбатдош эди. Шоу-бизнеснинг қонунлари бироз қийин, ҳатто бешафқат, десак ҳам хато бўлмайди. Ана шу ёзилмаганқоидаларга бўйсуниб яшагани учун у бироз қўпол, чўрткесар, айримларнинг фикрича эса ўзига бино қўйгандек ҳам эди. Бироқ унинг яқин дўсти сифатида, аслида меҳрибон, юмшоқ ва самимийлигини билардим, кўрганман. Мардлиги эса ҳар бир айтган сўзидан билиниб турарди. Ўзи “Мен шундай бўлишга мажбурман, бу соҳада ушлаган жойни кесмасанг, ишлаш қийин. Ҳаммага яхши кўринишнинг иложи йўқ” деб кўп айтарди. Доим шундай кучли иродаси билан курашарди.
Азизанинг ака-укаси йўқ. У ота-онасига ўғил, сингилларига ака бўлиб яшади. Фарзандлари учун елиб югурарди... Биласизми, у сўнгги пайтларда ишдан, янги қўшиқларни эл-юртга танитиб, реклама қилишдан чарчаганди. Аёллик бахтини истаб, “Бўлди ўзим учун яшайман” деб, энди тин олмоқчи эди. Бироқ бу бетоблик уни ҳолдан тойдирди. Саратон ҳақида бироз кеч англадик, афсус...
Тўғриси, кечагина Хоразмда уни сўнгги йўлга кузатиб қайтдик ва мен учун Азиза ҳақида ўтган замонда гапириш жуда оғир бўлаяпти (бироз сукут сақлаб). Аммо тақдири шундай экан. Аллоҳ берган рисқ тугаганда биз бандаларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Бунга кўникишдан бошқа чорамиз йўқ. Дўстим энди хотираларимизда мангу яшайди.
“ЙИҒЛАБ-ЙИҒЛАБ ГАПЛАШГАНДИМ...”
Ойпопук ЭШОНХОНОВА, хонанда: — Ҳаётни севувчи, курашишдан чарчамайдиган инсон эди. Шу касалликка чалингандан кейин ҳам даво изламаган жойи қолмади. Ҳиндистонга ҳам бориб келди. Охирги маротаба гаплашганимизда мен Андижонда эдим. Қўнғироқ бўлди, тўғриси гўшакда гапираётган инсон Азиза эканига умуман ишонмадим. Овози ўзгариб қолганди. Ўзига билдирмай, роса йиғлаб-йиғлаб гаплашгандим. Чунки кўз олдимда яйраб, яшнаб юрган дугонамнинг соғлиғидаги бу муаммо менинг ҳам дардим эди (йиғлаб юборди). Ўшанда, “Андижонда бир табиб бор экан, ана шунинг кўригига борсам дегандим, танишларингдан сўраб суриштириб бер. Бормоқчиман” деди. Ўша заҳоти ҳамма ишимни йиғиштириб ўша илтимосини бажардим. Орада 1-2 кун ўтгач, Тошкентга келиб қўнғироқ қилсам, жавоб бермади. Кейин билсам, Тошкентга келганида тоби қочиб, яна Хоразмга қайтиб кетган экан. Орадан яна вақт ўтиб гаплашдик. “Хоразмнинг ҳавоси менга ёқяпти, ўзимга келиб қолдим” деди. Соғлиғи яхши эканини эшитиб хурсанд бўлган эдим. Аммо... (йиғлаб юборди) Қувончимиз узоққа чўзилмади... Минг афсус, жанозасига етиб боролмадим. Бироқ қаерда бўлсак ҳам ҳаққига дуодамиз. Қолган умрини фарзандларига қўшиб берсин, илоҳим. Охирати обод бўлсин!
“ЎЗИНИ ҲЕЧ ҚАЧОН АЯМАГАН”
Анвар СОБИРОВ, хонанда: — Бу аёл ҳақида гапирганда унинг мардлигини тилга олмасдан илож йўқ. Жуда эътиборли инсон эди. Ёз ойи эди, хасталигини била туриб, бошқаларнинг кўнгли у ёқда турсин, ўзининг қалбига малҳам тополмаётган бир пайтда туғилган кунимда қўнғироқ қилиб, ижтимоий тармоқдан ҳам алоҳида эътибор қилиб табриклаганди. Тўғриси, ўшанда бундай меҳрдан бошим осмонга етганди. Шу йилнинг бошида катта акам оғир бетоб бўлиб қолганидан хабарингиз бор. Ўша пайт, Азиза опанинг ўзи ҳам хаста эди. Шунга қарамай, хонадонимизга келиб акамнинг ҳолини сўрашга куч топа олганидан ҳайратга тушгандим. Бу воқеанинг ўзиёқ бу аёлнинг асли қандай эканини, меҳри қай даражада юқори бўлганни айтиб турибди, деб ўйлайман.
Хоразмликларнинг шеваси билан айтганда, Азиза опа танти, дердик. Нима ёрдам сўраб борманг, ўзининг ҳар қандай муҳим ишини четга суриб, қўлидан келганини қиларди. Бировнингҳожатини чиқариш учун ўзини ҳеч қачон аямаган.
Бугун орадан вақт ўтган бўлса ҳам, ҳали ўзимга келолмаяпман. Худди ёмон туш кўраётгандекман. Аллоҳнинг ишлари экан, начора. Ортида қолган ота-онаси ва фарзандларига улкан сабр тилайман. Ётган жойи жаннат бўлсин!
Она бўлганда онанинг қадрини биласан, дейишади. Аммо ана шу ҳисни туйган пайт онанинг мехридан жудо бўлиш каби оғир дард йўқ бўлса керак. Нилуфар раҳматли хонанданинг тўнғич қизи. У бугун ортидаги ука-сингилларига бош бўлиши, фарзанд доғида азобланаётган бобо-бувисига ҳам мадад бўла олиш учун куч топиши керак. Мақолани тайёрлаш давомида Нилуфар билан боғланишга уриндик. Аммо оиладаги оғир вазият, тушкунлик бунга имкон бермади...
ЭНГ СЎНГГИ ИНТЕРВЬЮДАН
— Мухлис бугун сизга чалган қарсагини эртага бошқасига ҳам чалади. Уларни бевафо, дейишади...
— Гапингиз тўғри. Бироқ мен мухлисларимнинг ҳақиқий меҳрини қозонганман. Ва бу эътиборини сақлаб қолганман.
— Азиза опа, эшитишимизча, журналистика йўналиши бўйича ўқишни бошлабсиз?
— Ўзбекистон Миллий Уневерситетнинг журналистика йўналиши бўйича ўқишга киргандим. Аммо академик таътилга чиқишга мажбур бўлдим. Оила, фарзандларим, ижод, хизматлар ҳаммасига умуман вақт тополмадим. Ҳар куни ўқишга бориб, тайёрланиш жуда қийнаб қўйди. Бироқ қизиқишим сўнмаган. Албатта ўқишимни давом эттираман...
— Набирангиз ҳақида ҳам гапириб беринг.
— Биринчи марта буви бўлганимни эшитганимда Наманган гастролида юрган эдим. Ўша пайт қудам, буви бўлганимизни айтганида ўзимда янги ҳисларни туя бошлаганман. Чақалоқ энди туғилган, мендан узоқда бўлса ҳам унга бўлган ўзгача ҳислар қалбимни эгаллаган. Ҳозир эса ҳар бувижон деганда ўша кунлардаги туйғуларни қайта-қайта ҳис этавераман. Уйимга келганда иложи борича бирга вақт ўтказишга ҳаракат қиламан. Турли ўйингоҳларда кунимиз қандай ўтганини сезмай қоламиз.
— Жуда болажонсиз...
— Олти фарзандим бор. Улардан тўрт нафари ўзимники. Икки нафари эса ўз қарамоғимга олганман. 44 ёшимда кенжа қизимни туққанимдан кейин соғлиғимдаги баъзи хасталиклардан воқиф бўлдим. Мен учун фарзандлардан азиз неъматнинг ўзи йўқ. Шунинг учун баъзи одамларнинг гап-сўзи, ҳайратидан чўчиб, улардан воз кечмайман. Худо менга оналик бахтини тақдим этаётган экан, уларни албатта дунёга келтираман.
— Ортингизга назар ташлаганингизда қайси хатоларингизни кўрасиз?
— Агар ҳаммаси ўзимнинг қўлимда бўлганда ижод қилишни эртароқ бошлаган бўлардим. Институтни тамомлаганимда онам, “Бизнинг оиладан санъаткор чиқмаган. Турмушга чиқасан, фарзандли бўл, кейин турмуш ўртоғинг рухсат берса, нима қилсанг қил!” деб айтганлар. Ўшанда онамга қулоқ тутиб оилани танлаганман. Худога шукур, оилали бўлиб фарзандларимни дунёга келтирганман. Бироқ санъатда бироз вақт ютқазиб қўйганман, деб ўйлайман. Бироз эрта бошлаганимда балки, бугун ҳаммаси бошқача тус олган бўларди...
Марҳума Азиза Ниёзметованинг тўнғич қизи Нилуфар 25 ёшда, Достон 22 ёшда, Миразиз 19 ёшда, Диёра 13 ёшда, Амира 4 ёшда ва энг кичкина қизалоғи Мадина 2,5 ойлик.
Аслида инсон умрининг ҳисоби йиллар эмас, ундаги қувончли кунлар, издошлари билан белгиланади, дейишади. Дўстларининг изоҳида мард, дея таърифланган Азиза Ниёзметова 46 ёшида орамиздан кетган бўлса-да, фарзандлари, мухлислари хотирасида узоқ йиллар давомида яшашига ишонамиз.
Азиза Ниёзметованинг яқинлари ва оила аъзоларига таҳририятимиз номидан сабр тилаймиз...
Алия Сулаймонова