1

Равшан Ҳайдаров: "Мағлубиятни оқлашга ҳаракат қилмаймиз"

СПОРТ 20.10.2014, 18:17
Равшан Ҳайдаров: "Мағлубиятни оқлашга ҳаракат қилмаймиз"

Ўзбекистон U-19 терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Осиё чемпионати ярим финалида КХДР терма жамоасининг Ўзбекистон ёшлари устидан қозонган йирик ғалабасидан кейин (0:5) ташкил қилинган матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Масъулиятни тўла ўз бўйнимизга оламиз ва мағлубиятни оқлашга ҳаракат қилмаймиз. Бугун Шимолий Корея кучли ўйнади ва ютди. Жамоа жаҳон чемпионатига чиққандан кейин хотиржамликка берилдими, нимадир бўлди. Биз яхши тайёргарлик кўрган эдик. Шимолий Корея жуда тартибли ўйин кўрсатиб, аниқ пас билан тезкор қарши ҳужумлар эвазига голлар урди. Биз ҳужумга ўта олмадик», — деди Равшан Ҳайдаров.

Бош мураббий асосий футболчилардан бўлган Акром Комиловнинг иштирок этмагани ҳам ўйинга таъсир қилганини айтди, бироқ мағлубиятнинг асосий сабаби бу эмаслигини қайд этди: «Биз ҳимояда кўп хато қилдик. Шимолий Корея эса бу хатолардан унумли фойдаланди».

«Шимолий Корея турнирдаги энг кучли рақибми, дейсизми? Ундай бўлмаса керак. Кучли рақиблар кўп бўлди. Ўзимиз бугун ёмон ўйнадик.

Энди, ноябрь ойида футболчиларга дам берилади. Декабрдан бошлаб жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрамиз», — деб қўшимча қилди Ҳайдаров.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионатининг дастлабки ярим финал учрашувида КХДРга қарши майдонга тушиб, 0:5 ҳисобида мағлубиятга учради.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1