1

​I Халқаро инвестицион форум — маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун мулоқот, музокара, келишувлар платформаси

ЖАМИЯТ 19.11.2018, 16:19
​I Халқаро инвестицион форум — маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун мулоқот, музокара, келишувлар платформаси

Бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида Туризм соҳасидаги биринчи Халқаро инвестицион форум бошланди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари, Ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси томониданташкил этилаётган мазкур форумда дунёнинг 48 давлатидан 300 дан зиёд қатнашчи, жумладан инвесторлар, сайёҳлик соҳасидаги халқаро молия институтлари, ташкилотлари вакиллари, экспертлар, маҳаллий ва хорижий компаниялар раҳбарлари иштирок этмоқда.

Халқаро форумни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туризм соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисидаги фармони мамлакатимизда ушбу соҳани ривожлантиришга кенг йўл очди. Хусусан, жорий йилнинг 10 ойи мобайнида хорижий сайёҳлар сони 4,4 миллион кишини ташкил этди, бу эса 2017 йилга нисбатан 2 баробар (2,2 миллион) ошганидан дарак беради. Йил сўнгига қадар хорижий сайёҳлар сони 5 млн.га етиши кутилмоқда.

18 мамлакат учун виза режимини жорий этиш, 50 мамлакатга кириш визаларини олиш учун соддалаштирилган тартиб, шунингдек, 101 мамлакат учун транзит визаларини жорий қилиш Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш учун муҳим туртки бўлди. E-viza тизимининг амал қилишининг уч ойлигида 49 мамлакат фуқароларига 19,5 мингга яқин элеcтрон визалар берилди.

Бугунги кунда ҳукумат томонидан 2018 йилнинг сўнгига қадар электрон визани барча мамлакатлар учун очиш бўйича, шунингдек, хориждаги келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлганлар учун “Ватандош”, мамлакатда илмий-тадқиқот ва педагогик фаолият юритишни истаган хорижий фуқаролар учун “Academic visa”, даволаниш мақсадида келадиганлар учун “Medical visa”, оилй таълим муассасаларида ўқиш учун келадиганларга “Student visa” каби Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчи хорижий фуқароларнинг алоҳида гуруҳларига қўшимча виза турларини жорий қилиш борасида чоралар кўрилмоқда, - деди А.Абдуҳакимов.

Шундан сўнг, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги раҳбари Алкис Дракинос, Халқаро молия корпорациясининг Марказий Осиё бўйича раҳбари Кассандра Колбертлар сўзга чиқиб, туризмга инвестиция киритиш масалалари ҳақида маъруза қилдилар. Форумда Ўзбекистондаги меҳмонхоналар, дам олиш масканлари маъмурияти ўз тақдимотларини ўтказдилар.

Ўзбекистондаги биринчи тоғ-чанғи курорти инвестиция лойиҳасининг биринчи босқичи 2018-2019 йилги қиш мавсумида ишга туширилиши режалаштирилган. Курорт Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган. Давлатимиз кўмаги билан курортнинг қурилиш ишлари бошланган. Жорий йилда қурилишнинг асосий қисми бажарилади. Буларга замонавий осма канат йўли, 32 та яшаш уйлари, ресторанлар киради. Шунингдек, қорга ишлов берувчи замонавий техникалардан фойдаланилмоқда, - дейди “Amirsoy” МЧЖ вакили В.Ким.

Очилиш ва тақдимот маросимидан сўнг, Форум иштирокчилари уч гуруҳга бўлинган ҳолда махсус сессияларда қатнашишди. Сессиялар “Меҳмонхона бизнесида инвестициялар: муваффақият тарихи ва янги истиқболлар”, “Кўнгилочар ва логистика сайёҳлик индустриясида инвестицилар: тематик ҳамда истироҳат боғлар, этношаҳар, канат йўллари, туристик ҳудудлар, ҳаво шарлари ва б.”, “Смарт-туризмда инвестициялар: сайёҳлик соҳасига инновацион смарт-технологиялар ва интерактив тизимни жорий этиш” мавзуларида бўлиб ўтди. Уларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан турли инвестиция лойиҳалари, хусусан, “Чорвоқ” эркин туристик зоналари, “Самарқанд cити”, “Қадимий Бухоро”, Сурхондарё вилоятидаги кичик сайёҳлик ҳудудлари ҳамда “Олмазор Cити” кабилар тақдимот қилинди.


Қайд этиш жоиз, Туризм соҳасидаги Халқаро инвестицион форум мамлакатимизда биринчи марта ўтказилмоқда. Ҳамда Форумни ўтказиш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу эса Ўзбекистон тажрибасида ҳали кузатилмаган эди.

Форум натижалари бўйича инвесторлар, вазирликлар, идоралар ва ҳокимиятлар ўртасида шартномалар, ҳамкорлик битимлари имзоланиши кутилмоқда.

Форум 20-21 ноябрь кунлари ҳам ўз ишини давом эттиради.

Муниса Алиева тайёрлади

Фото: Сергей Савчук-Курбанов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1