1

ПараОсиё ўйинлари. Ҳамюртларимиз зафарли одимлашда давом этишяпти

СПОРТ 22.10.2014, 14:32
ПараОсиё ўйинлари. Ҳамюртларимиз зафарли одимлашда давом этишяпти
Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилаётган ПараОсиё ўйинларида мамлакатимиз спортчилари совринли ўринларни қўлга киритишда давом этишяпти. 
Бугун эрталабки дастурнинг ўзида мардонавор спортчиларимиз яна тўртта медални делегациямиз ҳисобига қўшиб қўйдилар. 
Дзюдо кураши бўйича ўтказилган мусобақаларда Шуҳрат Бобоев (-90 кг) ҳамда Одил Тулендибоев (+100 кг) барча рақиблари устидан ғалабага эришиб, олтин медалга сазовор бўлдилар. 
Жумладан, Шуҳрат Бобоев чорак финалда Эрон вакилини, ярим финал баҳсида эса мўғилистонлик спортчини енгиб, ҳал қилувчи финал беллашувида дзюдо ватани вакили Арамицу Китазоно (Япония)ни 3 дақиқа-ю 11 сонияда иппон баҳоси билан муддатдан аввал мағлуб этди. 
Оғир вазндаги полвонлар ўртасида жаҳон чемпиони Одилбек Тулендибоев ўз вазнида Осиёнинг тенгсиз полвони эканлигини амалда исботлади. Чорак финалда Таиланд вакилини енган Одил, ярим финалда япониялик Кенто Мосаки устидан ғалабага эришди. Ҳал қилувчи финал беллашувида эса эронлик Ҳамза Надрини мағлуб этиш учун ҳамюртмизга 19 сония кифоя қилди. 
Дзюдо кураши бўйича ўтказилган мусобақаларда, шунингдек, Гулрух Раҳимова (-70 кг) кумуш, Ширин Шарипов (-100 кг) эса бронза медалига сазовор бўлдилар. 
Айни дақиқаларга келиб делегациямиз ҳисобида 18 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медали мавжуд ва ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида 4-ўринда боришяпти.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1