1

​Сайёр судда Туркияга қизларни юборишга уринган аёлнинг қилмиши кўриб чиқилди

ЖАМИЯТ 22.11.2018, 11:01
​Сайёр судда Туркияга қизларни юборишга уринган аёлнинг қилмиши кўриб чиқилди

Наманган вилояти, Янгиқўрғон шаҳарчасидаги болалар ва ўсмирлар мусиқа мактабида жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Давлатназар Камилов раислигида сайёр суд бўлиб ўтди. Бу ҳақда Янгиқўрғон туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Унда туманнинг Янгиобод маҳалласида истиқомат қилувчи С. Икрамова (исм-шарифлар шартли) жиноий иши бўйича чиқарилган хусусий ажрим кўриб чиқилди.

С. Икрамова қидирувда бўлган опаси Ш.Икрамова ва шу иш бўйича судланган М. Соипова билан олдиндан тил бириктириб, Норин туманидан 3, Учқўрғон ва Балиқчи туманларидан биттадан, жами 5 нафар қизнинг ишончига кириб, уларни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ишлашга ёллайди. Уларга оғир бўлмаган иш ва мўмай даромад ваъда қилинади. Асл мақсад эса уларни фоҳишаликка мажбурлаш бўлади. Мазкур гуруҳ жорий йил 2-июнь куни Тошкент халқаро аэропорти орқали “Тошкент—Истанбул”, ундан кейин эса “Олмаота—Истанбул” йўналишлари бўйлаб учиб кетишга чоғланган пайт вилоят ИИБ тезкор ходимлари томонидан қўлга олинди.

2018-йил 11-сентябрь куни бўлиб ўтган жиноят ишлари бўйича вилоят судининг очиқ мажлисида мазкур иш кўриб чиқилиб, С.Икрамова 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазосига шартли ҳукм қилиниб, 3 йил синов муддати белгиланди.

Вилоят суди раиси Д. Камилов йиғилиш давомида тадбирга тўпланганларни мазкур иш тафсилотлари билан батафсил таништирди. “Янгиобод” маҳалласида яшовчи аёлнинг одам савдосидек манфур жиноятга қўл уришига ҳудудда ишсиз шахсларни иш билан таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги, маданияти ва саводхонлигини ошириш борасида талаб даражасида ишлар ташкил этилмагани билан изоҳлади. ҳудуд профилактика инспектори билан ҳамкорликда жиноятчиликни олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича профилактик тадбирларга етарли эътибор қаратилмаганини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, сайёр суд давомида “Қизилёзи” МФЙда истиқомат қилувчи У. Тоҳировнинг жиноий иши бўйича чиқарилган хусусий ажрим ҳам кўриб чиқилди. Мазкур шахс наркотиклар савдосига алоқадор бўлиб чиқди. У “Кобальт” русумли машинасида қирғизистонлик таниши томонидан берилган салкам ярим килограмм гашиш наркотик моддасини Наманган шаҳрига олиб кетаётганда ушланди ва жиноят ишлари бўйича вилоят суди ҳукми билан 7 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилганди.

— Хусусий ажримлар чиқарилган икки иш ҳам трансмиллий жиноятлар ҳисобланади. Чунки одам савдоси ва наркотиклар олди-сотдиси бир ҳудуд ёки мамлакат эмас, глобал кўринишга эга. Уларнинг хавфлилик даражаси ўта юқори эканлигини ҳисобга олиб, жойларда шундай сайёр судлар ташкил этиб, аҳолини огоҳликка чақирмоқдамиз. Ўйлайманки, туман мутасаддилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам бундан тегишли хулоса чиқаради, — дейди Д. Камилов.

Йиғилиш давомидаги муҳокамалар чоғида Мусулмонлар идораси туман вакиллиги ходими Абдулвоси Муродшоев, туман отинойиси Дилбархон Усманова, 10-умумтаълим мактаби ҳуқуқ фани ўқитувчиси Мухлиса Камалова йиғилганларни сайёр судда кўриб чиқилган хусусий ажримлардан тегишли хулоса чиқариш, ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ қарамасликка чақирди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1