НАСАнинг янги миссияси ҳисобланган InSight қурилмаси Марс экватори яқинидаги Элизий ҳудудига муваффақиятли қўнди, деб хабар берди Интерфакс нашри.
Қурилма Қизил сайёранинг ички қатламини ўрганишга мўлжалланган. Унинг бортида сейсмограф, геофизик термометр бор. Термометр Марсда бурғиланадиган 5 метрлик қудуқда сайёра қаъридаги ҳарорат ўзгаришларини ўлчаш учун ўрнатилади. НАСА вакилларининг маълум қилишича, қурилма қизил сайёрага қўнгандан бир неча дақиқа ўтиб, Ерга илк суратни жўнатган. НАСА ўз сайтида қурилманинг қўндирилишини жонли тарзда намойиш қилиб борди. InSight НАСА томонидан охирги 20 йил ичида Марсга муваффақиятли қўндирилган 4-модул ҳисобланади.






