1

ПараОсиё ўйинлари. Делегациямиз ҳисоби яна бир олтин медалга бойиди

СПОРТ 23.10.2014, 16:06
ПараОсиё ўйинлари. Делегациямиз ҳисоби яна бир олтин медалга бойиди
Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилаётган ПараОсиё ўйинларида мамлакатимиз спортчилари делегациямиз ҳазинасини олтин медаллар билан бойитишда давом этмоқдалар. 
Енгил атлетиканинг 4х100 метр масофага югуриш (Т11-13) бўйича ўтказилган мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган ҳамюртларимиз Миран Сахадов, Дониёр Солиев, Улуғбек Чориев ва Фахриддин Ҳамроев тўртлиги энг юқори натижани (44:25 сония) қайд этиб, ПараОсиё ўйинларининг 21 олтин медалини делегациямиз ҳисобига ёзиб қўйдилар. Мазкур мусобақада Таиланд жамоаси иккинчи (44:26 сония), Индонезияликлар эса учинчи (46:66 сония) ўринни эгаллашди. 
Шу тариқа, енгил атлетикачиларимиз томонидан қўлга киритилган медаллар сони 12 тага етди (7 та олтин, 3 та кумуш, 2 та бронза). 
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “ПараОсиё-2014” ўйинларининг сузиш мусобақаларида иштирок этган юртдошларимиз Кирилл Паньков (4 та) ва Дмитрий Хорлин (3 та) жами 7 та олтин медалга сазовор бўлишган бўлса, дзюдо усталаримиз жами 9 та медални (7 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза) қўлга киритдилар. 
Айни дақиқаларга келиб Ўзбекистон делегацияси ҳисобида 21 та олтин, 4 та кумуш, 3 та бронза медали мавжуд ва ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида 41 давлат орасида 5-ўринда боришяпти.
Эслатиб ўтамиз, 2010 йили Гуанчжоу (Хитой)да бўлиб ўтган ПараОсиё ўйинларида ҳамюртларимиз 1 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалига сазовор бўлишган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1