1

“Меърожнома”: тилимиз ва адабиётимизнинг нодир намунаси

МОЗИЙДАН САДО 03.12.2018, 19:10
“Меърожнома”: тилимиз ва адабиётимизнинг нодир намунаси

Ўзбек ёзув маданияти ва китобат санъати тарихидаа темурийлар даври алоҳида ўрин тутади. Амир Темур ва темурийлар ташаббуси ҳамда оталиғи остида китобат санъати ривожланди. Мўғуллар истилоси даврида эътибордан четда қолган соҳалар қайтадан бўй ростлади. Темурийлар давлатининг йирик маданий марказлари бўлмиш Самарқанд, Ҳирот, Язд, Андижон сингари шаҳарларда йирик хаттотлик мактаблари юзага келди. Бошда соҳибқирон Темурбекнинг ўзи, кейинчалик Шоҳруҳ Мирзо, Бойсунғур Мирзо, Мирзо Улуғбек сингари маърифатпарварлар ва илм тарафдорлари соҳанинг бошида турдилар.

Яна бир жиҳати, бу даврда ёзув маданияти, хаттотлик санъати ҳам ривожланди. Бу чоғларда темурийларнинг саъй-ҳаракати, уриниши туфайли, араб хати билан бир қаторда, ота-боболардан мерос бўлиб келаётган эски уйғур ёзуви, Навоий сўзи билан айтганда туркча хат ҳам кенг ишлатилди.

Уйғур ёзувими ёки эски туркий хат?

Маълумки, ўзбек халқининг ёзув маданияти бир неча минг йилликларни ўз ичига олади. Мамлакатимиз ҳудудидан қадимги Хоразм, Бақтрия, кхароштҳи, Ўрхун-Энасой, суғд ва бошқа хил битиклардаги бир қанча тарихий битиклар топилган.

Кўпгина олимлар томонидан уйғур ёзуви деб аталиб келинаётган битик аслида фақатгина уйғурларга тегишли эмас. Бу алифбо маълум давр мобайнида кўплаб туркий халқларнинг маданий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаб келган. Бу ёзув шаклий жиҳатдан бир пайтлар жуда катта ҳудудни қамраб олган сўғд хатига ўхшаб кетади. Олимларнинг айтишича, ҳар икки ёзувнинг келиб чиқиши қадимги оромий ёзувига бориб тақалади.

Уйғур ёзуви ҳам узоқ вақт давомида Марказий осиё халқлари томонидан фойдаланиб келинган. Қадимги сўғд ёзуви асосида шаклланган эски уйғур алифбосида хат тепадан пастга томон ёзилган. Ёзув устунлари эса, чапдан ўнгга томон жойлаштириб чиқилган. Уйғур ёзувидаги дастлабки ёдгорликлар милодий VIII асрга мансуб. Уйғур ёзуви кейинчалик буддавийлик динига сиғинувчи туркий қабилалар орасида кенг тарқалган.

Уйғур ёзуви таъсирида кейинчалик, ўрта асрлардамўғул ва манчжур ёзувлари ҳам келиб чиққан. Гарчи Марказий осиёда араб алифбоси уйғур ёзувини сиқиб чиқарган бўлса-да, уйғур алифбосида ўрта асрларда ҳам қатор асарлар, жумладан Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, “Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ” Хоразмийнинг “Муҳаббатнома” асарлари, Лутфийнинг бир қанча ғазаллари ушбу ёзувда кўчирилган. Темурийлар пайтида ҳам ушбу алифбо амалда бўлган. Айни пайтга қадар Хуросон ҳукмдори Абу Саид Мирзонинг 1468 йилда Оққуюнлилар ҳукмдори Узун Ҳасанга йўллаган номаси ҳамуйғур хатида битилган. Шунингдек, Усмонийлар саройида ҳам Олтин Ўрда ҳукмдорлари билан ёзишмалар асносида уйғур алифбосидан фойдаланишган.

Парижда сақланаётган нодир дурдона

Темурийлар давридан қолган, ўзбек китобат санъати тарихида ўта қимматли ва нодир саналган ёдгорликлардан бири ўз даврининг йирик маданият марказларидан бўлган Ҳиротда Абу Малик бахши кўчирган уйғур ёзувли қўлёзмадир. Қўлёзма китоб ҳозир Париждаги Франция Миллий кутубхонасида сақланмоқда.

Муқоваси қалин чармдан, қоғози юпқа, силлиқ, сарғиш, ўрта асрларда Шарқда довруғ қозонган Ҳирот қоғози. Бирор матн битиш мўлжалланган чоғи, китобнинг бошланишида, орада ҳам бир-икки ўринда бўш варақлар ташлаб кетилган.

Қўлёзмага икки асар киритилган: бири “Меърожнома” бўлса, иккинчиси Фаридиддин Аттор қаламига мансуб “Тазкирату-л-авлиё” асарининг туркий таржимасидир.

Пайғамбаримизнинг буюк мўъжизалари

Ислом оламида “Меърож”, “Исро” номлари билан аталадиган ушбу ҳодиса пайғамбаримиз (с.а.в) берилган буюк мўъжизаларданбиридир. Бу ҳодиса хусусида Қуръони каримда, бир қаторда шарафли ҳадисларда, ислом тарихига оид манбаларда ҳам тўхталб ўтилган.

Ривоятларга кўра, пайғамбаримиз ҳижрий Яратганнинг иродаси ва фаришта Жаброил (а..с.)нинг кўмагида бир кечада Маккадан Қуддусга бориб, Ал-Ақсони зиёрат қиладилар. Кейин Буроқ отида етти қат фалакка кўтариладилар. Жаннат ва дўзах манзаралари, у ерда ҳаёти дунёда қилган амаллари учун жазо ёки мукофотга сазовор бўлган бандаларнинг авҳоли билан танишадилар.

Меърожнинг энг катта мукофоти эса, пайғамбар (с.а.в.)нинг Аллоҳ таоло билан икки ёй (қоба қавсайн) яқинлигидаги масофада туриб мулоқот қилишлари эди. Меърож кечасида пайғамбаримизга Қуръони каримнинг янги оятлари номзил қилинади, мусулмонлар учун беш вақт намоз фарз қилинади.

Расулуллоҳ меърождан қайтганларида, кўрган-кечирганларини одамларга баён қиладилар. Бу ҳодисага шубҳа билан қараганлар, ҳатто иймонни тарк этганлар ҳам бўлди. Фақат, энг тақводор, содиқ мусулмонларгина бу ҳодисани айни ҳақиқат сифатида қабул қилишган.

Ўрта асрларда меърож ҳодисаси ҳақида жуда кўп асарлар битилган. Биз тилга олган асар ҳам ўрта аср муслумон адабиётининг нодир намунаси ҳисобланади.

Пайғамбарни тасвирлаш... мумкинми?

Албатта, бугунги кун нуқтаи назаридан бунинг имкони йўқдек туюлади. Аммо, ўрта асрларда араб, форс, туркий тилларда яратилган кўплабтарихий манбаларда пайғамбарлар тасвирини учратиш мумкин. Бу ўтмишда пайғамбарлар, азиз-авлиёлар тасвирига ижозат берилганини кўрсатади.

Хусусан, мазкур тарихий асарда ҳам кўплаб ўринларда пайғамбараимизнинг муборак қиёфаларини кўришимиз мумкин. Шу билан бирга расулуллоҳнинг (с.а.в.) Одам, Иброҳим, Мусо, Исо (а.с.) пайғамбарлар билан меърож кечасида суҳабатлашгани ҳам очиқ-ойдин тасвирланган.

Шунингдек, китобда жаннат ва дўзах манзаралари, Арш тасвири, у ердаги турли фаришталар қиёфаларини кўрамиз. Муҳими ҳар бир сурат ўта маҳорат, қунт ва истеъдод билан чизилган..

Бу жиҳатдан қўлёзма китобни темурийлар даврининг ажойиб санъат асари деса бўлади. У ўзининг оригиналлиги билан ажралиб туради. Темурийлар даври санъатидагина эмас, ўрта асрларда миниатюралар ишланган шарқ қўлёзмалари ичида ҳам бу асарга тенглашадигани оз.

Асарга ишланган рангли миниатюралар ислом санъатининг ҳали биз билмаган қирраларини, унинг сирли тугунларини очишга кўмаклашади. Ислом санъати тарихида юксак чўққиларни темурийлар даври санъати забт эта олди.

Муҳим илмий-адабий манба

“Меърожнома” асари ҳамду наът билан бошланган бўлиб, унда шундай сўзларни ўқиймиз: “Шукр ва ҳамд ул мангу қодир, ўн саккиз минг оламни яратган, тартибга келтирган ва уларни неъматлантирган,биру бор ҳукумдор, Ундан ўзга илоҳ бўлмаган Тангри таолога (буюклиги юксалсин ва исмлари муқаддас бўлсин), яна юз минг салавот ва таҳийят Тангри таолонинг ҳабиби, юз йигирма тўрт минг пайғамбарнинг сардори Муҳаммад расулуллоҳнинг руҳига етсин. Кўпдан-кўп раҳмат расул алайҳис-саломнинг авлоди билан аҳли байтига етсин. Уларнинг барчасидан Оллоҳ рози бўлсин”.

Ҳамду наътдан кейин китоб “Наҳжу-л-фародис” отли асардан таржима қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар берилган. 68 бетдан иборат китобда пайғамбаримизнинг Жаброил (а.с.) билан меърожга чиқиши кўтарилиш билан бошланиб, турли осомон табақалари, жаннат ва дўзахдаги саёҳатлари билан давом эттирилган.

Умуман, мазкур асар туркий тил ва адабиётни чуқурн тадқиқ этишда ҳам жуда катта илмий манба бўлиб ҳисобланади.

Қўлёзмани ҳиротлик Абу Малик бахши ҳижрий 840 (мелодий 1436–1437) йили кўчириб тугаллаган. Маълумки, ўтмишда бахши сўзи асосан котибларга нисбатан айтилган. Ушбу атама қадимги турк будда, моний диний жамоаларида“устоз, мураббий; муаллим” маъноларида ишлатилган.

Замонасининг хат-саводли, ўқимишли кишиларига нисбатан қўлланган бу сўз кейинчалик туркий тилда ва уйғур хатида битувчи котибларнинг номида сақланиб қолди. Ҳозирги ўзбек тилида эса бахши сўзи “халқ достончиси, бахши”ни билдиради. Айрим ўзбек шеваларида “табиб” ҳамда “фолбин”ни ҳам бахши дейишади.

Навоийнинг назари тушган

Ўтмишда уйғур хатининг бир қанча услубий тури ишлатилган эди. Шунга қарамай, ёзиш техникасининг ўнғайлиги, қулай ўқилишига қараб, кейинчалик югурик хат услуби оммалашиб кетди. Бу хат услубидан Ҳиротда ижод қилган бошқа бахшилар ҳам, Язд, Самарқанд, Андижон бахшилари ҳам кенг фойдаландилар.

Улуғ мутафаккир Алишер Навоий ижод этган чоғларда араб хати билан бир қаторда эски уйғур ёзуви ҳам ишлатилар эди. Айниқса, XV юзйилликнинг бошларида ҳали эски туркий ёзувнинг мавқеи юқори бўлиб, ўша кезлардаги ижод аҳли, хусусан, Мавлоно Лутфий, Саккокий сингари катта авлод кишиларининг хат саводи уйғур ёзувида чиққан, улар ўз асарларини кўпроқ уйғур хатида ёзганлар.

Навоийнинг боболари, отаси ҳам, эл қатори, уйғур хатини ишлатган. Тарихчи Мирзо Муҳаммад Ҳайдар “Тарихи Рашидий” асарининг тўқсон иккинчи фаслида Мир Алишер Навоий тўғрисида маълумот бера туриб, “Уларнинг оталарини “андаккина бахши” дейдурлар” деб ёзган эди [3]. Тарихчининг бу ёзганлари Навоийнинг отаси бахши (котиб) ўтганидан дарак беради; уни Ғиёсиддин бахши атаганлари ҳам бежиз эмас. Навоий ҳам ёшлик йиллари уйғур хатини яхшигина ўзлаштирган, илк шеърлари ичида ўша ёзувда битилганлари ҳам бўлиши керак, кейинчалик замон ўзгаришига қараб, араб ёзувига эътибори ортган кўринади.

Шу фикрларга таянган ҳолда айтиш мумкинки, Навоий мазкур китоб билан таниш бўлган. У ушбу асарларнинг уйғур ёзувли айни қўлёзмасини ҳам кўрган ва ундан фойдаланган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

XV юзйилликнинг охирларига келиб уйғур ёзуви истеъмолдан чиқа бошлади. Темурийлар замонида битилган бебаҳо ёзма обидаларнинг айримлари ва, айтиш мумкинки, энг нодирлари кунимизгача етиб келган.

Дарвоқе, мазкур нодир қўлёзманинг факсимиле нусхаси ўтган йилнинг ноябрь ойида Тошкентда ўтказилган “Замонлар чорраҳаси: ўтмушнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори” медиа форми доирасида юртимизга келтирилди.

Рустам Жабборов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1