Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари халқаро экспертлар билан ҳамкорликда ноёб ҳужжат – молекуляр даражада аллергик таъсирчанлик паспорти, оддийроқ қилиб айтадиган бўлсак, аллергия паспортини жорий этиш бўйича дастурни амалга оширмоқдалар.
Паспорт икки хил шаклда чиқарилади. Паспортнинг шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган шакли аллерген манбалари ва юқори хавф туғдирадиган алоҳида молекулалар ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, QR-код (тез таъсир кўрсатадиган код)ини ўз ичига оладиган икки томонлама пластик карта тарзида тақдим этилган.
QR-код катта ҳажмдаги маълумотларни ўз ичига олади ва молекуляр текширув бўйича тўлиқ ахборот ёзилган қоғоз шаклли паспортдаги барча маълумотларни ўқиш имконини беради. Масалан, беморга шошилинч ёрдам керак бўлиб қолганида, шифокорлар зарур маълумотларни QR-код орқали билиб олишлари мумкин бўлади.

Мазкур паспорт Ўзбекистон фуқароларининг хорижга сафарлари чоғида ишлатилиши мумкинлигини назарга олган ҳолда, паспорт инглиз ва рус тилларидаги маълумотларни ҳам ўз ичига олади.
Вазирликнинг ахборот хизмати хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 2019 йилнинг январь ойидан бошлаб шахсий аллергия паспортларини олишлари мумкин.






