Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан Фарғона вилоятида пластик идишларда қадоқланган “Antiqa olam” пахта ёғи таркибида совун қолдиғи мавжудлиги, кислота миқдори ҳам меъёрдан ортиқлиги маълум қилинди, деб ёзмоқда ЎзА.
Пахта ёғи ёрлиғи OʻzDSt 816:2015 давлат стандартининг 5.3.1 банди талабларига номувофиқ бўлиб, барча ёритилиши лозим бўлган маълумотлар тўлиқ берилмаган. Маҳсулот миқдори, меъёрий ҳужжат белгиси (OʻzDSt 816:2015) ёрлиқларда кўрсатилмаган ва энергетик қийматлари нотўғри ёзилган.
“Antiqa olam” ўсимлик ёғини ишлаб чиқарувчиси “Shaxriyor Еlyor” оилавий корхонаси раҳбари Шаҳриёр Дониёровнинг айтишича, кимдир уларнинг брендидан фойдаланиб, сифатсиз маҳсулотлар тайёрламоқда.
Бу ҳақда 15 кун аввал Бухоро вилояти иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ариза билан мурожаат қилинган. Натижада битта шундай 5 литрли ёғ қадоқланадиган яширин цех топилган.
Яна бир фирибгар тадбиркор Навоий вилоятига худди шундай ёғ қадоқлаб жўнатган.
Ҳозир мазкур ҳолат бутун Республика бўйича Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан ўрганилмоқда.