1

Мамлакатимизда ИИВ ходимлари куни муносиб нишонланди

ЖАМИЯТ 27.10.2014, 11:34
Мамлакатимизда ИИВ ходимлари куни муносиб нишонланди

Мамлакатимизда 25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни кенг нишонланди.
Юртимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг барқарорлиги иқтисодий-ижтимоий тараққиётнинг, халқимиз фаровонлигининг ишончли кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Бунда ички ишлар идоралари ходимларининг ҳам алоҳида ўрни бор.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни кенг нишонланаётгани ушбу масъулиятли касб соҳибларига бўлган эътиборнинг ёрқин намунасидир. Мазкур сана муносабати билан Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант А.Аҳмадбоев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз тараққиётида янги-янги муваффақиятлар қўлга киритилаётганини таъкидлади. Бунинг замирида мамлакатимизда ҳукм сураётган барқарорлик, осойишталик, ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳити мужассам.
Қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга бўлган эътибор бу жараёнда алоҳида аҳамият касб этаётир. Бу борада тизимнинг муҳим бўғини бўлган ички ишлар идораларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, барча тузилмалар сифат жиҳатдан бутунлай янгича асосда шакллантирилди.
Ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий усул ва воситаларидан фойдаланган ҳолда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини қарор топтириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Тезкор-қидирув хизмати ва тергов бўлинмалари мустаҳкамланди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги, пост-патруль, профилактика хизматлари, ёнғин хавфсизлиги тизими замон талабидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилди.
Ички ишлар идоралари ходимларининг аҳоли ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идоралари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланди. Профилактика инспекторларининг маҳалла фаоллари билан ҳамжиҳатликда аҳоли ўртасида олиб бораётган тарғибот-тушунтириш ишлари, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясига доимий эътибор қаратилаётгани шаҳар ва қишлоқларимизда ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида уч мингга яқин маҳаллада бирорта жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани ҳам ана шу ҳамкорлик натижасидир.
Ички ишлар идораларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани ва юксак малакали, профессионал кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилгани, шахсий таркибнинг нафақат касб маҳорати, балки маънавий-маърифий, сиёсий-ижтимоий ва ҳуқуқий билимини ошириш, ходимларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг хизматини рағбатлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам соҳадаги ютуқларни кўпайтирмоқда. Эл-юртимиз осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган кўплаб ички ишлар идоралари ходимлари давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлгани фикримизнинг исботидир.
Президентимизнинг 2014 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармони бунинг яққол тасдиғидир.
Тадбирда мукофотлар тантанали равишда топширилди.
– Президентимизнинг фармони соҳамизга бўлган юксак эътибор ва ишонч ифодасидир, – дейди Ички ишлар вазирлиги бўлим бошлиғи Тўлқин Ғозибеков. – Ана шу ишончни оқлаш, халқимиз тинчлиги, мамлакатимиз осойишталиги йўлида меҳнат қилиш ички ишлар ходимларининг муқаддас бурчидир.
Тантанали тадбирга санъаткорларнинг концерт дастури байрамона руҳ бағишлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1