Тошкент вилоятида ҳам электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ишлари бошлаб юборилди. Бу ҳақда "Ўзбекэнерго" АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Жумладан, Ангрен шаҳри ҳудудидаги ҳисоб нуқталарига жами 53 036 та электр ҳисоблагич ҳамда ҳисоб нуқтларидан маълумотларни йиғиш учун нимстанция ва трансформатор пунктларига 420 та концентраторлар ўрнатилиши таъминланади. Шу кунгача шаҳарга "Toshelectroapparat" МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган 15 600 дона замонавий электр ҳисоблагичлар етказиб берилди.
Маълумот учун, Ангрен шаҳарда 50 000 га яқин аҳоли истеъмолчилари мавжуд бўлиб, шу кунгача 10 000 га яқин хонадонга ўрнатиш ишлари амалга оширилди. Айни пайтда электр ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, "Ўзбекэнерго" АЖ томонидан "Обод қишлоқ" ҳамда "Обод маҳалла" Давлат дастурлари доирасида бутун мамлакатимиз бўйлаб реконструкция ва модернизация ишлари изчил амалга оширилмоқда.






