Лўлилар маскани, катта кўзли ғор қаерда эканини ҳамма ҳам билавермайди, деб ёзмоқда РИА Новости нашри.
Энг ғаройиб ва кўпчиликка номаълум диққатга сазовор масканлари Руминия, Словакия, Болгария ва Шарқий Европанинг бошқа мамлакатларида жойлашган.
Лўлилар пойтахти Сороки, Молдавия
Мўъжаз Сороки шаҳрини баъзилар бутун дунё лўлиларининг пойтахти деса, бошқалар Молдавиянинг лўлилар бошкенти деб аташади. Бундан 20-30 йил аввал лўлилар чиндан ҳам Сорокига келиб жойлаша бошлашган ва маҳобатли иморатлар солишган. Бу ажойиб иморатлар орасида уларнинг ўз Капитолийси, авлиё Пётр бутхонаси ва ҳатто томида от ҳайкали бўлмиш “Большой театр” ҳам бор. Тўғри, ҳозирда ушбу уйларнинг кўпи бўм-бўш қолган – лўлиларнинг аксари тирикчилик илинжида бутун дунёга тарқалиб кетишган.

Псевдопирамидалар, Високо, Босния ва Герцеговина
Босниялик псевдоархеолог Семир Османогичнинг таъкидлашича, тоғлар остига яширилган дунёдаги энг йирик пирамидаларни топибди. Бутун жаҳон мутахассислари иштирок этган қазиш ишларида тош майдонлар ва туннеллар, қолаверса, “қадимги цемент” ҳам топилгандек бўлганди. Кейин бу хато бўлиб чиқди: геологлар бу табиий тарзда пайдо бўлган тоғлар эканини тасдиқлашди.

“Қувноқ қабристон”, Сэпинца, Руминия
Руминчада “Қувноқ қабристон” деб аталувчи илк ноодатий сағаналар 1930-йилларда маҳаллий ганчкор томонидан яратилган эди. У марҳумларнинг ҳаётидан картиналарни тасвирлаб, хочларни ёрқин бўёқларга бўяган. Униг вафотидан сўнг ишини шогирдлари давом эттирришади ва қабристон кенгайиб бораверади. Истаган киши бундай қабртошларни ҳаётлигидаёқ буюртириши мумкин.

Чахтицкий қасри, Чахтица, Словакия
Дарҳақиқат, ХIII асрда бунёд этилган Чахтица қасри биринчи галда Чахтица Маҳлуқи номи билан танилган қасрнинг соҳибаси туфайли машҳур бўлган. Елизавета Батори энг кўп қотилликни амалга оширган аёл сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган – у 650 дан ортиқ қотиллик қилган экан. Графинянинг вампир сифатидаги образи миллий фольклорнинг бир қисмига айланган.

Проходна ғори, Карлуково, Болгария
Проходна ғори – Болгарияда нафақат ўзининг баланд гумбазлари (45 метрга яқин), балки икки симметрик бодомсимон туйнуклари ҳам машҳурдир, бу туйнукларни “Тангрининг кўзи” деб ҳам аташади.
Агар “кўз”га маълум бурчакдан қаралса, пастга тикилаётган одам юзини кўриш мумкин. Ёмғир ёғганда эса улардан чинакам кўзёш оқади.

Рим амфитеатри, Пула, Хорватия
Пуладаги амфитеатр – Рим империяси пайтида I асрда гладиаторлар жанглари учун махсус қурилган. V асрга келиб жанглар бекор қилинган, аренадан эса рицарлик турнирлари учун фойдаланилган, кейинроқ эса чорва боқилган у ерда. XIХ асрга келби амфитеатр қайта таъмирланди ва замонавий оммавий тадбирлар учун мослаштирилди. Бу ерда концерт ва театр постановкалари мунтазам ўтказиб келинади.







