АсосийJinoyat

​30 ёшли аёл дазмол баҳона қўшни хонадондан тилла тақинчоқларни ўғирлаб чиқди

'​30 ёшли аёл дазмол баҳона қўшни хонадондан тилла тақинчоқларни ўғирлаб чиқди'ning rasmi

1989 йил Бойсун туманида туғилган, маълумоти ўрта, оилали, бир нафар фарзанднинг онаси бўлган Зайнаб Мавлонова (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисмининг «г» банди билан айбли деб топилди. Аёл қўшнисининг уйига ўғриликка тушиб, унинг тилла тақинчоқларини ўмарган.

Аввалдан режа қилинганмиди?

Одатда, ўғрилик жиноятига қўл урувчи шахсларни бир қанча мақсадлар бошқаради, булар: осон пул топиш, қарз олди – бердиси ёки шахсий адоват. Шунингдек, кишида ўғрилик содир этишга мойиллик бўлиши ҳам мумкин. У бу ишни атай қилмайди, бирор моддий манфаатни кўзлаши ҳам ҳақиқатдан йироқ. Аммо негадир хатти – ҳаракатларини бошқара олмай, ўғрилик қилади.

З.Мавлонова қўшниси М.Ҳасанованинг уйига ўғриликка тушишни аввалдан режа қилгани аниқ. Сабаби у тилла тақинчоқлар қаерда сақланишини яхши билган. 2018 йил май ойи бошларида қўшнисиникига дазмол сўраб чиққан З.Мавлонова уйда М.Ҳасанованинг қизи ёлғиз эканини билиб, режасини амалга оширади. «Қизингизни олиб чиқмадингизми», дея сўраган қўшни қизга З.Мавлонова «Истасанг, уни олиб чиқишинг мумкин. Унгача мен дазмолни олиб тураман», дейди. Қиз дарвозадан чиққач, М.Ҳасанованинг тилла буюмлари сақланадиган хонага кириб, жавонда турган умумий нархи 6 800 000 сўмни ташкил қилувчи 1 та тилла занжир, 2 та узук, 1 та тилла кулонни яширин равишда олиб чиқиб кетади.

«Менга пул керак эди»

Судда кўрсатма берган З.Мавлонова айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қуйидагиларни сўзлаб берди.

— Ўша куни қўшнимиз Маъмуранинг уйига дазмол сўрашга чиққан эдим. Билсам, уйда Маъмуранинг қизидан бошқа ҳеч ким йўқ экан. У мендан «Қизингизни олиб чиқмадингизми?» деб сўради. Мен, хоҳласанг ўзинг олиб чиқишинг мумкин, деб, унинг дарвозадан чиқиб кетишини кутиб турдим. Сўнг ўғрилик қилишга қулай имконият пайдо бўлганини хаёл қилиб, Маъмуранинг тилла тақинчоқлари сақланадиган хонага кирдим. Хона бурчагида турган жавондан тилла тақинчоқларни олиб, кўйлагимнинг ўнг чўнтагига яширдим. Орадан 10 дақиқа ўтиб, қўшнимнинг қизи қайтиб келди. У билан бироз гаплашиб ўтирдим-да, сўнг чиқиб кетдим. Тилла буюмларни ўзим яшайдиган хонага беркитиб қўйдим. Бир ҳафта ўтиб, қизимни Термиз шаҳридаги шифохонага олиб бордим. Шифокор бир нечта дори ёзиб берди. Уларни сотиб олиш учун эса менга пул керак эди. Шунда ўғирланган тилла тақинчоқларни сотишни ўйладим. Шу мақсадда Денов марказий деҳқон бозорига бориб, у ерда савдо қилувчи Ф.Каримовга пул зарурлиги боис тиллаларимни сотмоқчилигимни айтдим. У менга ишонди. Ҳаммаси ўзимники, деб, тақинчоқларни сотиб олишига кўндирдим. У менга 500 000 сўм ва 200 АҚШ доллари берди.

Жиноят фош бўлгач, З.Мавлонованинг опаси томонидан М.Ҳасановага 2 200 000 сўм пул ва 1 дона тилла зирак 1 200 000 сўмга ҳисоблаб берилади. Судланувчи ўз кўрсатмасида қолган зарарни алимент пулини олганида қоплашини маълум қилган.

Жабрланувчи М.Ҳасанова тилла буюмлари йўқолганини тасодифан билиб қолади. Танишларидан бирининг тўйига кетаётган маҳали жавонни очганида, тилла тақинчоқлар солинган шиша идиш ичи бўм-бўшлигини кўради. Тақинчоқлар ҳеч қаердан топилмагач, қизидан уйга ким келиб – кетганини суриштиради. Қиз қўшни аёл З.Мавлоновани ҳам айтади. Шундан кейин М.Ҳасанова уйида ўғрилик содир этилганини тахмин қилиб, ички ишлар бўлимига мурожаат қилади.

Зайнаб Мавлонова Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-модда 2-қисмининг «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга тайинланган озодликни чеклаш жазосидан 1 куни чегирилиб, ўташ учун узил-кесил сутканинг соат 22:00 дан 06:00 гача яшаш жойидан чиқиши чекланган ҳолда 11 ой 29 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман суди раиси
Жасур Худойбердиев билан ҳамкорликда тайёрланди.

    Бошқа янгиликлар