Эврилиш (ҳикоя)

МУТОЛАА 02.02.2019, 11:52
Эврилиш (ҳикоя)

У ҳар гал мени кўрганида негадир кўзлари қувончдан чақнаб кетарди. Буни сезиш қийин эмасди. Чунки, унинг кўм-кўк кўзларига ёшига ярашмаган маъюслик чуқур ин қурган, юзига ҳамиша номаълум маҳзунлик соя ташлаб турарди. Эгнидаги кийимлари ўзидек ғарибона, кимларнингдир эскиси бўлгани сабаб, доимо гоҳо кичик, гоҳо катта бўларди. Уларнинг оиласи қишлоғимизга қаердандир келиб қолишган бўлиб, қабристон ёнидаги ташландиқ кулбада яшашарди.

Онаси мактабимизда фаррош бўлиб ишлар, отаси бировларнинг уйини таъмирлар, мол-ҳолига қарар, кимнинг нима юмуши бўлса бажариб кетаверарди. Лекин, ҳар иккиси ҳам ўлгудек арақхўр, қўлларига пул тушган куни ичиб тугатишарди. У эса ота-онасининг ҳамма ишларига кўмак берарди. Улар кўчада маст бўлиб, ерда ағанаб ётишганларида уст бошларини тозалаб, елкасига опичлагудай авайлаб уйга элтар, овқат пиширар, кир ювар, хуллас, ота-онасига жуда ғамхўр эди. Нафсиламр айтганда, у барчага, ҳатто атиги бир- икки ёш катта бўлса-да, биз юқори синф ўқувчиларига ҳам худди шундай беминнат ғамхўрлик қиларди. Айниқса ҳосил йиғим- терими мавсумида ҳашарга чиққанимизда, мактабимизнинг энг чиройли қизларининг тилидан унинг номи тушмай қоларди. У самимийлиги биланми, меҳнаткашлиги биланми, балки барча хислатлари билан қишлоғимиздаги каттаю кичикнинг меҳрини қозонган эди. Фақат менгина уни кўрмас, унинг ғамноклиги ҳам, қувончи ҳам мени асло қизиқтирмасди.

Менинг нигоҳларим ундан жуда олисга, анча юқорига қадалганди. Тасодифан дуч келганимизда, унинг сариқ, ҳурпайган сочларини кир қўллари билан тараши, эгнидаги ғарибона кийимларини шоша-пиша тузатишлари гоҳида ғашимга тегарди. Мен ўзига бино қўйган, раиснинг эрка қизи эдим. Атрофимда айланган манаман деган башанг йигитлар билан ҳамиша хушчақчақ, ҳазил-ҳузул қилиб кулардим. Уни кўрганда эса жуда жиддий тортиб, атайлаб қовоғимни солардим. Назаримда, орамиздаги тафовут шу қадар катта эдики, унинг менга нимадир демоқчилигини сезганим сари,ундан ўзимни узоқроқ тутишга ҳаракат қилардим. Кейинги пайтларда тасодифми ёки атайлабми, у йўлимда тез-тез учрайдиган бўлиб қолди. Бундан дамларда рангпар юзида зоҳир бўлган айбдорларча илжайиш билан “яхшимисиз”, дея сўрашарди. Унинг ҳазин овозидаги чексиз мунг ва номаълум қувонч, илинж ва умидсизлик билан қоришиқ билинар-биланмас титроқ ҳар қандай тошюракни бефарқ қолдирмасди. Фақат мени эмас... Унинг саломига алик олишни ҳам ўзимга эп кўрмай, юзимни терс ўгириб, муҳим иши бор одамдай, ёнидан тезроқ ўтиб кетишга шошилардим. Мендаги кибр “у мени ёқтириб қолган” деган ўйни хаёлимга асло яқинлаштирмасди. Ҳатто, бошқалар шу фикрга боришларидан ўлгудай қўрқардим.

Аслида орамиздаги фарқ мен ўйлаганчалик катта эмасди. Иккимиз ҳам ёш эдик. Иккимизнинг ҳам қалбимиз кимнингдир муҳаббатига ташна эди. Иккимиз ҳам ҳаётга умид ва илинж билан қарардик...

Кунлардан бир куни унинг ота-онаси тўсатдан вафот этди. Қулоғимга чалинишича, катта йўлни ғирт маст ҳолда кесиб ўтишаётганда, уларни машина уриб кетибди. У бирданига отасидан ҳам, онасидан ҳам айрилиб, бутунлай ёлғиз қолди. Шундан сўнг анча пайтгача қишлоқда кўринмай кетди. Кимлардир уни олисга, ўзга юртга кетган дейишса, кимлардир шаҳарда кўрганини, худди ота-онаси каби ичкиликка ружу қўйганини айтишди. Кеч кузнинг аёзли оқшомида у охирги марта йўлимда пайдо бўлди. Хотирамда бир умрга муҳрланиб қолган бу учрашув ҳамиша қалбимга оғриқ солади. У анчадан бери, балки кун бўйи, йўл пойлаганидан ёмғирда бутунлай ивиган, совуқдан кўнишган, ғам-аламдан новча гавдаси бироз эгилган. Мана шу афтодаҳол ҳолатида юрагининг туб тубида ётган тавсифига тил ожиз бир азоб яққол намоён бўлиб турарди. У мени кўриши билан ғамнок кўзлари одатдагидек қувончдан чарақлаб кетмади. Бу гал ғарибона уст-бошидан ийманиб каловланмади. Ёнимга яқин келди. Чўкаётган одамдек илтижо билан мен томон қўлини чўзди. Жуда паст овозда дона-дона қилиб деди: – Мени қутқар! Қалбимга озгина нур бер!...

Орадан қанча йиллар ўтди. Ҳаёт мени ўз бўҳронида обдан чирпирак қилгач, осмондан ерга тушириб қўйди. Тақдир эса яқин кишиларимдан айирди. Мен ҳам худди унингдек бу дунёнинг сарҳадсиз саҳросида ёлғиз қолдим. Кўзларимга худди унинг кўзларидек маҳзунлик ин қура борган сари, уни тез-тез эслайман ва борган сари унга ўхшаб бораётганлигимни ҳис қиламан. Хазонлар оёқлар остида унсиз эзилган, яланғоч дарахтлар юзини ёмғир ювган кузнинг изғирин тунлари мен батамом Унга айланаман ва кўкка қўл чўзиб илтижо қиламан: Қалбимга нур бер!

Фарида Қорақулова, ЎзА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1