АсосийJamiyat

Президент қарори билан банкротлик таомиллари соддалаштирилади

'Президент қарори билан банкротлик таомиллари соддалаштирилади'ning rasmi

Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" канали хабар берди.

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан:

- қарзни ундириш имкони бўлмаганлиги туфайли ижро ҳужжати қайтарилган ҳолларда солиқ органлари 30 кундан кечиктирмасдан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилади;

- банкротлик тўғрисидаги иш юридик шахснинг қарзи 60 млн сўмдан ошганда (илгари қарз 100 млндан кўп бўлиши лозим эди), якка тартибдаги тадбиркорнинг қарзи эса 4 млн сўмдан (илгари 6 млн сўмдан кўп) ошган ҳоллардагина қўзғатилади;

- тугатишга доир иш юритиш муддати тўққиз ойдан ошмайди (илгари бу муддат бир йил бўлган);

- банкрот бўлганларнинг мол-мулки “E-IJRO AUKSION”да электрон онлайн-аукцион орқали сотилади.

2019 йил 1 майдан:

- суд бошқарувчиларини солиқ органлари ходимларидан тайинлаш амалиёти бекор қилинади;

- тўртинчи тоифали суд бошқарувчиси аттестатига эга бўлган шахслар суд бошқарувчиси этиб тайинланади;

- суд бошқарувчиларига энг кам иш ҳақининг йигирма баравари (4 млн 54 минг сўм) миқдорида ҳақ тўланади;

- солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни узишда тўланган қарз суммасининг 5 фоизи миқдорида суд бошқарувчиларига қўшимча ҳақ тўланади;

- суд бошқарувчиларининг фаолияти “фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш” ихтисослашуви бўйича лицензияга эга бўлган ва суд бошқарувчиси аттестатини олган адвокатлар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.

2019 йил 1 апрелдан суд бошқарувчилари фаолияти махсус рейтинг асосида баҳоланади.

Изоҳ: суд бошқарувчиси – банкротлик таомилларини ўтказиш мақсадида иқтисодий суд томонидан тайинланадиган шахс.

    Бошқа янгиликлар