АсосийJamiyat

Тошкент ҳокимлиги: пойтахт рамзи ҳали тасдиқланмади

'Тошкент ҳокимлиги: пойтахт рамзи ҳали тасдиқланмади'ning rasmi

Бир қатор электрон оммавий ахборот воситаларида Тошкент шаҳрининг янги рамзи учун танловнинг якуний босқичи бўлиб ўтгани ҳақида хабар тарқалди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати эса бу хабарни рад этди.

Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари Диёр Мирзааҳмедов танлов хусусида тўхталиб ўтди.

– Тошкентнинг ижтимоий ҳаётида биринчи маротаба пойтахтимизнинг янги рамзи (герби) учун очиқ танлов ўтказилди. Тошкент шаҳар ҳокимияти қошидаги Жамоатчилик кенгаши ташаббуси 2018 йилнинг 16 июлидан 17 сентябригача эълон қилинган мазкур танлов шаҳримиз ҳаётини янада замонавийлаштириш, одамларга муносиб турмуш шароитини яратиш ишлари билан ҳамоҳангдир, – дейди Д.Мирзааҳмедов. – Танловда иштирок этиш учун тасвирий санъат, дизайн, графика, иллюстрация, реклама ва шунга ўхшаш фаолият йўналишларининг махсус таълим ёки профессионал тажрибага эга мутахассислари жалб этилди. Алоҳида таклифномалар Ўзбекистон Бадиий академиясининг барча аъзоларига ва чет элда фаолият юритаётган ватандошларимизга юборилди.

Танловга келиб тушган ижодий ишларни саралаш ва ғолибларни аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси аъзолари, соҳа мутахассисларидан иборат комиссия тузилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, пойтахтимизнинг янги герби нафақат Тошкент аҳолисининг она шаҳрига бўлган ҳурмат ва эҳтиром намунаси, ҳамжиҳатлик намойиши, балки шаҳримиз меҳмонлари, чет эллик сайёҳлар учун ҳам осон танилувчи ва эсда қоларли рамзи бўлиб хизмат қилишга қаратилган.

Танловда 118 рассом ва дизайнерлар иштирок этди. 310 лойиҳа ва таклифлар келиб тушди.

Барча юборилган ишлар муҳокама қилингандан сўнг мутахассислар танлов финалчиларини аниқлади. Якуний бешликнинг орасидан энг яхши лойиҳа танланди ва у январь ойида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига муҳокама учун тақдим этилди. Депутатлар муҳокамадан сўнг фуқароларнинг фикрини билишни тавсия қилди. Фуқароларимиздан келиб тушган барча фикрлар Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан энг яхши лойиҳани тасдиқлаш жараёнида албатта эътиборга олинади.

Фуқароларни танланган энг яхши лойиҳалар билан таништириш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Kitob olami” маънавий-маърифий савдо мажмуасида финалчиларимиз ижодий ишлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Фуқароларимиз фикрлари жорий йилнинг 15 февралигача қабул қилиниши ва 16 феврал куни ғолиблар тақдирланиши режалаштирилган.

    Бошқа янгиликлар