АсосийDunyo

Сергей Лавров икки кунлик амалий ташриф билан Душанбега келди

'Сергей Лавров икки кунлик амалий ташриф билан Душанбега келди'ning rasmi

Тожикистон – Россия муносабатларининг изчил ривожланиши мамлакат ташқи сиёсатида муҳим аҳамиятга эга, дея 5 февраль куни баёнот берди Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашуви чоғида.

Тожикистон Президенти матбуот хизмати тарқатган хабарга қараганда, музокараларда икки ва кўп томонлама ҳамкорлик билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди. Сиёсий интеграция, минтақавий хавфсизлик, терроризмга қарши кураш, давлат чегарасини муҳофаза қилиш, Афғонистондаги вазият, Тожикистон армиясини модернизация дастури каби масалалар муҳокама қилинди.

Матбуот хизматининг хабарига қараганда, учрашувда минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорлик, пахта, озиқ-овқат, саноат маҳсулотларини қайта ишлаш жараёнида технологияларни жалб қилиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Россия бозорига экспортини кўпайтириш каби масалаларни ҳал қилиш зарурлиги қайд этилди.

Учрашувда Тожикистонда Россия мактабларини қуриш ва тожик мактабларига Россия педагогларини жалб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Музокаралар кун тартибига меҳнат миграцияси алоҳида пункт сифатида киритилди. Шунингдек, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг Россияга бўлажак ташрифи дастури ҳам муҳокамалар мавзуси бўлди, тўғри ҳозирча ташрифнинг аниқ санаси эълон қилинмаган.

Сергей Лавров тожикистонлик ҳамкасби Сирожиддин Муҳриддин билан ҳам музокаралар олиб борди.

“ЕОИХга кирмайдиган мамлакатлар орасида Тожикистон Россияга ишлаш учун йўл олган фуқаролари учун максимал даражада имтиёзлардан фойдаланмоқда”, дея Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров баёнот берди. У бу баёнот билан 5 февраль куни Россия-Тожик Славян университетида бўлиб ўтган матбуот анжуманида чиқди.

Унинг сўзларига қараганда, ҳисобга олинмаган ҳолда Россия ҳудудларида Тожикистон фуқаролари 7 кун эмас, балки 15 кун бўлиши мумкин. “Патент 3 йилга берилади, бу ҳам жуда муҳим бўлган жиҳатдир. Тўғри, патент тезроқ арзонлаштирилса яхши бўларди, аммо бу музокараларни тақозо қилади”, дея қўшимча қилди россиялик амалдор.

Россия Федерацияси томонидан хорижий фуқароларга нисбатан патент жорий қилинганидан сўнг, Россиянинг ҳар бир минтақасида тўловларнинг ўз тарифлари белгиланди. Масалан, Москвада бир ойлик патент 5 минг рублни, Москва вилоятида эса 4750 рублни, Санкт-Петербургда 3800 рублни ташкил қилади. Энг юқори патент нархи Саха-Ёқутистон Республикасида бўлиб 9330 рублдир.

Матбуот анжумани иштирокчиларидан бири унга миграция амнистияси эҳтимоли ҳақида савол берганидан кейин Лавров Россиядаги тожик меҳнат мигрантлари билан боғлиқ муаммони кўтарди. “Амнистия бир неча бор қўлланилган. Мигрантлар билан уларнинг Россияга боришларидан аввал ишлаш жуда ҳам муҳимдир, улар лойқа схемалар билан эмас, балки ўзларининг иш берувчилари ким эканлигини аниқ билган ҳолда боришлари керак, ана шунда очиқчасига ишлай олишади. Уларнинг паспортлари олиб қўйилмайди ва ҳар эҳтимолга қарши дея конвертларда пул берилмайди”, деб таъкидлади Лавров.

Россия ТИВ раҳбари меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари кафолатланадиган шартнома имзоланиши кераклигини айтди. “Биз меҳнат мигрантларининг пенсияси тўғрисидаги ҳужжатни имзолашимиз керак – бу ҳужжат ҳозир музокаралар столида турибди. Мигрантларни Россияга боришидан аввал, Тожикистоннинг ўзида танлашни ташкиллаштиришга оид шартномани имзолаш керак. Реадмиссия тўғрисида – Россия қонунларини бузган мигрантларни Тожикистонга қайтариш тўғрисидаги шартномани имзолаш керак. Биз шу каби шартномани ЕИ билан имзоладик, ҳаммаси жойида, шундай экан бундан қўрқиш керак эмас”, деди С.Лавров.

Унинг сўзларига қараганда, бу ҳужжатлар тўплами мазкур соҳада хуфёналикка бутунлай барҳам берилиши, ошкора бўлиши ва мигрантларга барча шароит яратилиши, Россия учун ҳам, Тожикистон учун ҳам хавф яратмаслигини қайд қилиб ўтди.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА

    Бошқа янгиликлар