АсосийJamiyat

Андижонлик ўқувчи қиз кунгабоқарнинг янги навини яратди

'Андижонлик ўқувчи қиз кунгабоқарнинг янги навини яратди'ning rasmi

Андижон вилояти Избоскан туманидаги Мангуберди маҳалласида яшовчи Мадина Ҳабибуллаева кунгабоқарнинг янги навини яратди, деб хабар беради ЎзА.

У ҳозир тумандаги 34-умумтаълим мактабининг 10-синфида аъло баҳоларга ўқиш билан бирга, дарсдан бўш вақтида мойли экинлар селекцияси борасида илмий-тадқиқот ишлари олиб бормоқда.

Мадинабону илмий-тадқиқот ишлари натижалари, ижодкорлиги билан мамлакат ва халқаро миқёсдаги турли танлов ҳамда илмий анжуманларда фаол иштирок этиб, қатор ютуқларни қўлга киритди.

Устозлари, мутахассислар билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар самарасида кунгабоқарнинг “Мадина 17”, “Мадина” навлари яратилди. Ушбу навларга Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан тегишли тартибда патент олинган. Ўтган йили кунгабоқарнинг ушбу навлари юртимизнинг турли вилоятларида экилиб, юқори ҳосил олинди.

Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматова билан ҳамкорликда соянинг янги навларини яратиш устида ҳам изланишлар олиб борди. Натижада соянинг эртапишар “Радуга”, кечпишар “Мадина” навлари яратилди. Юртимизда асосий ва такрорий экин сифатида экишга мўлжалланган ушбу навлар 2018 йилда Давлат реестрига киритилди.

– Мадина тиришқоқ, изланувчан қиз, – дейди Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалининг “Олима” уюшмаси раиси, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Маҳфуза Юсупова. – Дарсдан бўшади дегунча тажриба-тадқиқот даласига ошиқади. Билим ва тажрибасини ошириш учун ўқиб-ўрганишдан чарчамайди. Қизимизнинг келажаги порлоқ, илм-фан ривожи йўлида ҳали кўп ишлар қилади, деб ишонамиз.

Мадинанинг илмий-тадқиқот ишлари “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” танлови вилоят босқичида юқори баҳоланиб, ғолиблар қаторидан жой олди. У ўз ишлари билан мазкур танловнинг мамлакат босқичида ҳам иштирок этмоқда.

Тошкент давлат аграр университети профессори, селекционер олима Гўзал Холмуродова раҳбарлигида Асака туманидаги “Аsaka oil plant seeds” уруғчилик фермер хўжалиги тажриба даласида соянинг оддий ва мураккаб дурагайларини яратиш бўйича олиб борилаётган илмий- тадқиқот ишларида ҳам иштирок этмоқда. Ҳозирда олинган дурагай уруғларнинг дони йириклиги, мой ва протеинга бойлиги кўрсаткичлари бўйича тадқиқот олиб бормоқда.

Ёш истеъдод соҳибаси нафақат нав селекцияси ва мойли экинлар уруғчилигини ривожлантириш борасида, балки илғор ташаббус ва ижодкорлиги билан ҳам тенгдошларига намуна. Унинг ташаббуси билан ўзи таҳсил олаётган мактабда “Уста Ҳабибуллоҳ ота” ўқувчи-ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган. Жамғарманинг ижрочи директори ўзи. Жамғарма томонидан 1-синфдан 10-синфгача фанларни энг яхши ўзлаштирган бир нафардан ўқувчига ҳар ойда стипендия берилиши йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, Мадина шеърлар машқ қилади, мақолалар ёзиб туради. Ижод намуналари қатор матбуот нашрларида эълон қилинган. Ҳозирга қадар унинг “Вақт қадри”, “Иқрор” номли тўпламлари нашр этилган.

– Мен озод ва обод юртнинг бахтиёр ёшларидан бириман, – дейди Мадина Ҳабибуллаева. – Чунки мен ва мен каби ёшларга пухта билим олишимиз, истеъдод ва салоҳиятимизни юзага чиқариш учун барча шароит яратилган. Келажакда меҳнатим, илм-фан йўлидаги изланишларим билан Ватанимиз равнақи учун хизмат қиладиган инсон бўлишга ваъда бераман.

Мадинанинг орзулари албатта ижобат бўлади. Чунки унда ғайрат-шижоат, интилиш бор, қалбида Ватанга муҳаббат, эртанги кунга ишонч мустаҳкам. Энг муҳими, бундай ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун барча шароит ва имкониятларни яратиб бераётган Ўзбекистон бор.

    Бошқа янгиликлар