Тошкент шаҳрининг қоқ маркази саналган Сайилгоҳ ва Зарафшон кўчалари кесишмасида ўрнатилган инсталляция бузиб ташланмоқда. Бу ҳақда "Халқ сўзи" нашри хабар берди.
Амир Темур хиёбонининг олд қисми бўлган, халқ тилида "Бродвэй" номи билан машҳур кўчада ўтган йили қизил рангдаги ушбу ҳайкал ўрнатилганди. Баъзи ўринларда ушбу ҳайкалнинг афсонавий қуш тимсоли экани айтилган бўлса, баъзи манбаларда унинг аждар тимсоли эканини ёзишганди.
Мазкур объект ўрнатилгач, жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари "Тошкентни бундай "арзон" ва тушунарсиз безаклардан қутқариш" лозимлигини ҳам таъкидлашганди.






