1

Овора бўлманг, исботлай олмайсиз: келишилган ўйинлар ҳақида

СПОРТ 13.11.2014, 11:43
Овора бўлманг, исботлай олмайсиз: келишилган ўйинлар ҳақида

Сўнгги вақтларда футболга ихтисослашган барча ОАВда футболимиздаги келишилган ўйинлар ҳақида сўз юритилмоқда. Биласизми, илгари ҳамкасбларимиз бу ҳақида бемалол гапира олишмасди. Аммо шахсан Юртбошимиз томонидан ОАВнинг сўз эркинлигига эътибор қаратилгач, журналистлар ўз фикрларини бемалол билдира оладиган даражага чиқишди. Хусусан, футбол соҳасида қалам тебратаётган журналистлар бу борада анча жиддий қадам ташлашмоқда.

Барибир ҳақиқат қарор топади!
Қизиғи, ОАВ ходимлари қанчалик бемалол келишилган ўйинлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдираётган бўлса, мутасаддилар шунчалик бемалол буни инкор қилиб келишмоқда. Айримлари исботинг бўлса, тегишли идораларга мурожаат билан чиқ, деса, бошқалари мани виждоним пок, ҳаммасини Худо кўриб турибди, дея ўзини оқламоқда. Яна кимлардир, нимадир борки, бу ҳақида гапирилмоқда, деб вазиятга холис баҳо беришга ҳаракат қилмоқда. Лекин мутасаддилар орасида барибир Ўзбекистонда келишилган ўйинлар йўқ дейдиганлар кўпчиликни ташкил қилаётгани қайсидир маънода ачинарли ҳолат! Негаки, улар кўпчилик экан, бизнинг қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Халқимизда яхши бир нақл бор: бирлашга ўзар, бирлашмаган тўзар! Улар айнан шу нақлга амал қилиб келишмоқда. Аксинча, агар ОАВ бундай мақолалар билан чиқиш қилаверса, якунда ўзи айбдор бўлиб қолиши мумкин. Тўғри, биз бу билан тўхтаб қолмаймиз, ҳукуматимиз даражасида текширувлар олиб борилишини кутиб қоламиз, насиб қилса, шундай ҳам бўлади. Шунда кўрамиз, ким айбдор эканлигини: журналистларми ёки бугунги кун қаҳрамонлари бўлган футболимиз мутасаддиларими?! Ҳақиқат шуки, барибир бир кун ҳақиқат қарор топади.

Шу ерда мухлислар ўртасида тушунмовчиликга сабаб бўлаётган айрим ҳолатларга изоҳ бермоқчимиз. Аксар ишқибозлар келишилган ўйинлари ҳақида эшитишса ёки ўқишса, бизнинг клуб молиявий томондан қийналиб турибдику, рақиб жамоани сотиб олишга қурби етармиди, деган фикрларни илгари суришмоқда. Тўғри, сотиб ололмайди, агар бунга қурби етганида жамоадаги футболчиларга ойлик маош ва мукофот пулларини берарди. Шунинг учун бизда сўнгги вақтларда келишувнинг бошқача усуллари ривожланганга ўхшайди. Яъни, учга-уч, аниқроғи, ҳар иккала жамоа ҳам ўз уйида, мухлислари кўз ўнгида ғалаба қозонадиган беллашувларда рақиблар тўплар нисбатини келишиб олишади. Беллашувда голлар кўп бўлиши мумкин, аммо урилган ва ўтказиб юборилган голлар орасидаги фарқ битта ёки иккитани ташкил қилади. Балки ундан ҳам кўп бўлар, бу уларнинг келишувига боғлиқ. Лекин одатий келишувлар тўплар нисбати биттадан ошмайди. Буни биринчи даврадаги ўйин орқали билиб олса бўлади. Чунки одатда келишилган ўйинлар ҳақидаги гап-сўзлар иккинчи давралаги беллашувлар давомида урчиб кетади. Сабаби, биринчидан, мавсум аввалида деярли барча клубларда пул бўлади. Шунинг учун пул ҳақида жиддий бош қотиришмайди. Ҳамма янги мавсум мазаси билан тўп тепаётган бўлади. Иккинчидан, у вақтларда жамоалар қандай келишувга эришганини билиш мушкул, айрим ҳолларда клубда фаолият кўрсатадиганлар айтиб қўйишмаса, буни била олмайсиз. Учинчидан, иккинчи босқичда ўзаро ўйинлардаги тўплар нисбатини билиш орқали жамоалар ўйинни келишган-келишмаганини тахмин қилиш имкониятига эга бўласиз.

Сўзимизда давом этадиган бўлсак. Жамоалар тўплар нисбатини келишиб олгач, ҳозир бутун дунёда пул топишнинг энг осон усули сифатида жуда урфга кирган тотализатор деган иллатга пул тикишади. Ким қанча пул тикиши ўзининг чўнтагига ҳавола. Асосийси, учрашувда нечта гол киритилиши келишиб бўлинган. Иккала жамоа ҳам бунга рози. Биринчи даврада дарвозалар камроқ ишғол қилинган бўлиши мумкин, лекин жавоб баҳсига бунга аҳамият қаратиб ўтиришмайди. Кераклиси, тўплар нисбатидаги фарқ ўзгармаса бўлди, шунда келишувни ҳеч бир тараф бузмаган бўлади. Биз мухлисларга тушунтирмоқчи бўлганимиз шуки, шу тариқа келишув амалга ошади. Шу тариқа дунёнинг мана-ман деган жамоалари гол ура олмайдиган стадионларда мухлислар голлар шоусини кўришади. Учрашувдан кейин ОАВ ходимлари билан учрашган мураббийлар бугун ундан ҳам кўпроқ гол урилиши мумкин эди, деган фикрларни илгари суришади. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам шундай бўлиши мумкин. Чунки тотализатор деган иллатда ўйинда киритиладиган барча голлар учун ҳам пул тикиш мумкин. Одатда ўйинда дарвозалар 7 ёки 9 марта ишғол этилишига ҳеч ким ишонмайди. Оқибатда ставка ошиб кетади. Айниқса, беллашувнинг сўнгги дақиқалари улар учун жуда муҳим. Боиси, ўйинда нечта гол урилишини ўзларидан бошқа ҳеч ким билмайдиган жамоалар аксар голларни сўнгги дақиқаларга олиб қўйишади. Бу вақтга келиб ставкалар янада ошиб кетган бўлади. Айтганимиздек, баҳс якунланишига 5 дақиқа қолганида 4:3 ҳисобини 5:4га ёки 3:4ни 5:4га айланишига ишонасизми? Бунга кўпчилик ишонмаслиги айни ҳақиқат. Оқибатда пул тикади, пул тикканларнинг сони ошиб кетади. Табиийки, ставкалар ҳам кўтарилади, лекин натижа ўзгариб кетади. Боиси, буни жамоалар аллақачон ҳал қилиб улгурган бўлади. Натижада ўйин тақдирини ўзаро келишувга кўра ҳал қилган жамоалар пул тикиш орқали яхшигина суммага эга бўлади. Айтганча, сўнгги дақиқаларда ҳисоб ўзгаравермаса ҳакамлар ёрдамга чақирилади. Уларга вазият тушунтирилиб, хурсанд қилинади. Одатда бу ўйиндан аввал амалга оширилади.

Кўряпсизми, бу ерда ҳеч бир жамоа бир-бирини сотиб олмайди. Шунчаки, келишувга эришишади. Натижада жамоалар яхшигина суммага эга бўлиб олишади. Албатта, тайёр пул кимга керак эмас?! Қолаверса, раҳбарият ойлик-маош-у, мукофот пулларини вақтида бермаётган бўлса?! Раҳбариятдан пул ололмаётган мураббийлар шогирдлари билан шу тартибда ишлайди, топилган пул тақсимланади. Керак бўлса, шогирдларини яхши либослар билан кийинтириб ҳам қўяди. Шунда ким қаҳрамонга айланади? Расмий томондан бир неча ойдан бери маош ва мукофот пули олмаётган бўлса-да, шогирдлари билан яхши натижаларга эришаётган мутахассисларми?
Жамоа пули бўлмаса-да, чемпионатда яхши натижаларни қайд этса, бундан мухлислар ҳам хурсанд. Табиийки, улар ҳам ўз суюклиларини қаҳрамонга чиқаришади, уларни танқид тошларидан ҳимоя қилишга тушиб кетишади. Содиқ ишқибозлар ҳеч қачон жамоасининг ғалабасига шубҳа қилмайди. Демак, яна айбдор, ОАВ! Биз ўзимизни оқламоқчи эмасмиз! Ҳамма бир кун қилган ишига албатта жавоб беради. Ўшанда ким қаҳрамон-у, ким ёлғончи эканлиги маълум бўлади. Биз буни кутиб қоламиз. Шунчаки, мутахассисларимиз ОАВни айбдор қилиб келаётган бир кунда биз каби футболимизнинг ишқибозлари бўлган азиз мухлисларни ҳамкасбларимизга ишонишларини сўраб қолардик!

Фурқатбек Нишонов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1