1

Жанубий Корея Савдо-саноат ва энергетика вазири бошчилигидаги делегация “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ га ташриф буюрди

ЖАМИЯТ 05.03.2019, 15:31
Жанубий Корея Савдо-саноат ва энергетика вазири бошчилигидаги делегация “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ га ташриф буюрди

Бугун Жанубий Корея Савдо-саноат ва энергетика вазири Sung Yun Mo бошчилигидаги ушбу мамлакат вакиллари “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамиятида бўлишди.

Жамият тизимидаги “Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги конструкторлик-технологик маркази” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонасида бўлиб ўтган учрашувда томонлар икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқалар, ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳақида сўз юритдилар. Улар қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ва яқин келажакдаги вазифалар хусусида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, меҳмонлар Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигининг маҳсули – “Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги конструкторлик-технологик маркази” фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.

Ушбу марказ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 июлдаги “Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида илмий-техник базани ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан ташкил этилганди. Марказнинг асосий фаолияти қилиб эса, қишлоқ хўжалиги учун муҳим ҳисобланган техникаларни ишлаб чиқаришда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, тажриба-конструкторлик ишларини юритиш, технологик лойиҳалаштириш каби вазифалар белгиланганди.

– Бундан ташқари, жамиятимизга қарашли, ушбу марказда илғор технологияларни амалиётга тадбиқ этиш, қишлоқ хўжалиги машинасозлигида янги машина тизимларини яратиш ва синовдан ўтказиш каби тадбирлар ҳам амалга оширилмоқда, – дейди “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Мухтор Каримов. – Шунингдек, бу ерда қишлоқ хўжалиги машиналарини модернизация қилиш орқали ёқилғини кам сарфлайдиган, тежамкор машина турларини яратиш, уларни дала синовларида иш самарадорлигини ошириш юзасидан ҳам қатор илмий-тадқиқот ва конструкторлик ишлари бажарилмоқда.

Ташриф доирасида кореялик меҳмонларга ушбу марказ фаолияти, бу ерда амалга оширилаётган янги лойиҳалар, яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Қолаверса, уларга истиқболдаги лойиҳалар, ҳамкорликда ўтказилган илмий семинарлар ҳамда марказ томонидан олиб борилаётган илмий-техник изланишлар самараси акс эттирилган қишлоқ хўжалиги техникалари ҳам намойиш этилди.

Соҳибжон Салимов, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ матбуот хизмати.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1