АсосийJamiyat

48 нафар аёлга уй-жой олиш учун дастлабки бадал суммаси тўлаб берилди

'48 нафар аёлга уй-жой олиш учун дастлабки бадал суммаси тўлаб берилди'ning rasmi

Андижон вилояти хотин-қизлар қўмитаси томонидан аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш, бартараф этиш, турмуш шароитларини янада яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ҳунармандчилик ва тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Вилоятимизда 6 мингга яқин тадбиркор, ҳунарманд хотин-қиз фаолият кўрсатмоқда, – дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. – Улар, қолаверса, тадбиркорликни йўлга қўйиш истагини билдирган хотин-қизлар доимий қўллаб-қувватланмоқда. Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Ҳунарманд” уюшмаси, солиқ идораси, банклар томонидан уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шароит яратиб берилмоқда.

Тадбиркор, ҳунарманд хотин-қизларнинг самарали ишлашига кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқий, тадбиркорликка оид билимини бойитиш мақсадида давра суҳбатлари, ўқув семинарлари ўтказилмоқда. Бизнесни ташкил этиш, ҳужжат юритиш, солиқ имтиёзлари, кредит олиш, умуман, тадбиркорлик борасидаги билим ва малакасини ошириш бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.

Биргина 2018 йилда турли молиявий манбалар ҳисобидан 2 минг 860 нафар тадбиркор аёлга 199 миллиард 613 миллион сўм кредит ажратилди. Хотин-қизлар учун яратилган 36 минг 670 та иш ўрнининг салмоқли қисми айнан ана шу кредитлар ҳисобидан иш бошлаган тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади.

Маҳаллаларда фойдаланилмай бўш турган бино-иншоотларни реконструкция қилиш, жиҳозлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ҳисобига 74 та кичик цехлар ташкил этилди. Шунингдек, устоз-шогирд анъаналари асосида 2 минг 743 нафар хотин-қиз турли йўналишларда ҳунар ўрганишга жалб қилинди. Кўплаб уй бекалари, ҳунар ўрганиш истагида бўлган қизлар шу асосда ҳунар эгаллаб, оилаларига қўшимча даромад келтирмоқда.

Таҳлилларга кўра, турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишига сабабчи бўлган хотин-қизларнинг аксарияти иш билан банд бўлмаган, оиласи, яқинлари, кенг жамоатчилик эътиборидан четда қолган, оғир турмуш шароитида яшаётган опа-сингилларимиз экани маълум бўлди. Қўмита томонидан айнан шу тоифадаги аёллар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, турмуш шароитини яхшилаш бўйича алоҳида ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ўтган йили Андижон шаҳрининг жиноятлар нисбатан кўп қайд этилган “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 300 иш ўрнига эга “Мустақиллик” тикувчилик мажмуаси ташкил этилди.

Айни пайтда мазкур цехда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, турли ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойиллиги бор ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган 100 дан ортиқ аёл меҳнат қилмоқда.

Корхонанинг соф фойдаси ҳисобидан уй-жойга муҳтож, оғир вазиятда яшаётган ишчи аёлларнинг 48 нафарига “Обод маҳалла” дастури доирасида Хўжаобод тумани Хидирша қишлоғида намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган 2 сотихли ва кўп қаватли уйлардан олишлари учун дастлабки бадаллар тўлаб берилди. Шунингдек, корхонада ўқитилиб, малакали тикувчига айланган, янги уйли бўлган аёллар ҳудудда иш бошлаган “Ферузбек-текс” корхонасига ишга жойлаштирилди. Корхона томонидан 2020 йилда яна 100 нафар уй-жойга муҳтож аёлни уй билан таъминлаш, 8 та туманда тикувчилик мажмуаси филиаллари очиш, филиалларга яқин ҳудудларда оилавий боғчалар ташкил этиш ҳисобига 1 мингга яқин иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Амалга оширилаётган ишлар самараси ўлароқ, вилоятда хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар аввалги йилга нисбатан 34 фоиз, турли жиноятларда иштирок этган аёллар сони эса 38 фоиз камайди.

Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан ишлаб чиқилиб, тасдиқланган “Йўл хариталари”да хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

    Бошқа янгиликлар