1

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон иқтисодиётини ижобий баҳолади​

ИҚТИСОДИЁТ 06.03.2019, 09:38
Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон иқтисодиётини ижобий баҳолади​

Халқаро валюта жамғармаси бош молиячиси Альберт Егер бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб, иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар бўйича ўрганишлар олиб борди.

Тошкентда 5 март куни ушбу ўрганишлар якунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Халқаро валюта жамғармаси бош молиячиси Альберт Егер мамлакатимиз иқтисодий сектори фаолияти таҳлилига бағишланган хулосаларини билдирди.

Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2018 йилда 5 фоизни ташкил қилган. Бу кўрсаткич жорий йилда 5,5 фоиз, 2020 йилда эса 6 фоизга етиши кутилмоқда. Шунингдек, бу йил инвестиция ва солиқ ислоҳотлари натижасида янги иш ўринлари сонининг ортиши кузатилади.

Матбуот анжуманида мамлакатимизда инфляция даражасининг жорий ҳолати иқтисодиётни эркинлаштириш жараёнидаги ҳодиса экани таъкидланди. Ўзбекистонда маҳсулот таннархини пасайтириш, маошлар дифференциал шкаласидаги дефицитни қоплашда кўрилаётган чора-тадбирлар 2019 йилда инфляция даражасини 15 фоизда ушлаб туриш имконини беради.

Шу билан бирга, мамлакатимиз иқтисодиётида кутилаётган эҳтимолий хатарлар мавжуд. Биргина мисол. Ўзбекистонда 2018 йилда кредитлаш жараёни 50 фоизга ўсган.

– Бундай кўрсаткич иқтисодиёт учун яхши натижаларга олиб келмаслиги мумкин, – деди А.Егер. – Ўзбекистон ислоҳотлар даврини бошдан кечирмоқда. Шу боис бу табиий жараён ҳисобланса-да, кредитлашдаги меъёрни сақлаб туриш лозим.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қабул қилинган пул-кредит сиёсати, жумладан, қайта молиялаштириш ставкасининг 16 фоизгача оширилиши инфляция хатарининг олдини олишда кутилган натижаларни бериши таъкидланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуродов 2019 йилда мамлакатимизда банк-молия, пул-кредит сиёсатида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар бўйича маълумот берди.

М.Нурмуродовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон билан Халқаро валюта жамғармаси ўртасида 2019 йилда монетар сиёсатда амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокама қилинган. Халқаро институт экспертларининг таклиф ва тавсиялари эътиборга олинган.

Марказий банк валюта бозоридаги амалиётларни эркинлаштириш, мижозлар билан ишлашдаги тизимни янада соддалаштириш бўйича зарур чоралар кўради. Пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш, ички бозордаги нархларни барқарорлаштириш мақсадида ўрта муддатли истиқболда инфляцияни таргетлаш механизми жорий этилади.

Бугунги кунда молия секторини ислоҳ қилишнинг ўрта муддатли концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Молиявий барқарорликни таъминлаш, банк-молия секторига хорижий ва хусусий капитал кириб келишига шароит яратиш, иқтисодиётда пул-кредит сиёсати таъсирини кучайтириш ушбу йўналишдаги ислоҳотлар асосини ташкил этади.

Айни пайтда банк соҳасидаги давлат улуши 84 фоизга тенг. Соҳада хусусий капитал иштирокини босқичма-босқич ошириш режалаштирилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1