Рассом Рембрандт Ван Рейннинг мамлакатимиздан ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб кетилган ноёб асари юзасидан содир этилган жиноят фош этилиб, асар юртимизга қайтарилган. Бунда айбдор бўлган шахслар жазога тортилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Яккасарой тумани ички ишлар бўлими тергов бўлими томонидан 2014 йил 27 майда К.Й.га нисбатан Жиноят кодексининг 170-моддаси (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш) бўйича қўзғатилган жиноят иши юзасидан суриштирув ўтказилди.
Тергов томонидан аниқланишича, 2008 йил 28 августда фуқаро А.П. таниши К.Й.га рассом Рембрандт Ван Рейннинг муаллифлигидаги асарни 50 минг АҚШ долларига сотганлиги ва у, ўз навбатида, таниши бўлган Р.Ф. орқали асарни республика ташқарисига ноқонуний олиб чиқиб кетганлиги аниқланди.
2014-2018 йиллар даврида жиноят таркиби бўлмаганлиги ва жавобгарликка тортиш муддати тугаганлиги сабали жиноят иши бир неча марта тўхтатилган ва тугатилган.
Шундан кейин, фуқаро А.П. қабул қилинган қарорлардан норозилиги хақида Бош прокурор номига ариза билан мурожаат қилган.
Бош прокурор топшириғига асосан ушбу жиноят иши Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси тергов бўлимидан талаб қилиб олинди ва 2018 йил 4 июнда Бош прокуратуранинг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармасининг иш юритувига берилди.
Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан 2018 йил 14 июнда ўтказилган тезкор-тергов тадбирлар натижасида ушбу жиноят иши фош этилиб, Рембрандтнинг муаллифлик иши топилди.
Тергов натижаларига кўра, К.Й. ва Р.Ф. Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми (божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) ва 238-моддасининг 2-қисми (ёлғон гувоҳлик бериш) билан айбланувчи сифатида жалб қилинди ва 2018 йил 14 сентябрдаги жиноят иши айблов далолатномаси билан судга юборилди.
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг 2018 йил 21 ноябрдаги ҳукмига кўра, К.Й. ва Р.Ф. Айбдор, деб топилди, асар эса давлат даромадига ўтказилди.
Суд ҳукмининг ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 8 февралда Мажбурий ижро бюроси Яшнобод тумани бўлими томонидан ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Мажбурий ижро бюроси Яшнобод туман бўлимининг 2019 йил 13 мартдаги хатига асосан рассом Рембрандт Ван Рейннинг муаллифлик иши махсус комиссия аъзолари иштирокида тегишли процессуал тартибда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг масъул ходимларига тақдим этилди.






