Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти томонидан ички ишлар органлари ходимларининг малакасини оширишга қаратилган сайёр ўқув йиғинлари республикамизнинг бир қанча ҳудудларида ўтказилди. Шу кунларда навбатдаги машғулотлар Навоий вилоятида давом этмоқда.
Ходимларнинг билим, касбий маҳорат ва кўникмаларини юксалтиришга қаратилган сайёр малака ошириш ўқув йиғинлари Вазирликнинг Навоий академик лицейидаги Малака ошириш Институти филиалида вилоят туман-шаҳарлар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқарма, бўлим ва ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда профилактика инспекторларини хизматдан ажратмаган ҳолда ўтказилди.
Шунингдек, Навоий вилояти Ички ишлар бошқармасида “Истиқболли ёш кадрлар заҳираси”га олинган ходимларнинг бошқарувга доир билим ва кўникмаларини шакллантириш бўйича ҳам ўқув машғулотлари ташкил этилди.
Институтнинг профессор-ўқитувчилари ҳамда вазирликнинг айрим соҳавий хизматларидан жалб қилинган тажрибали ходимлар томонидан жиноятчиликка қарши курашиш, тергов қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси, “Хавфсиз шаҳар” концепциясини республикага татбиқ этиш, профилактика инспекторларининг виктимологик профилактик фаолияти, тезкор ва профилактик ҳисоблар ва уларни такомиллаштириш, ахборот-технологияларидан фойдаланиб содир этилаётган жиноятлар ва “Интернет” тармоғи орқали содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни ташкиллаштириш ва бу борадаги муаммоларни бартараф этиш, тезкор бўлинмаларнинг жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти самарадорлигини оширишда замонавий дастурий таъминотлардан фойдаланиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш, шунингдек шахсий таркиб билан ишлаш ва уни тарбиялашга йўналтирилган фаолиятда инновацион хизмат усулларини қўллаш ва бошқа долзарб йўналишлардаги мавзулар орқали билими ва амалий маҳоратлари оширилмоқда.
Анъанага кўра малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари якунлари бўйича ходимларга белгиланган намунадаги сертификатлар топширилади.