АсосийJamiyat

Қашқадарёда халқаро мусобақада бош совринлар муносиб полвонларга насиб этди (фото)

'Қашқадарёда халқаро мусобақада бош совринлар муносиб полвонларга насиб этди (фото)'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил декабр ойида Қашқадарё вилоятига қилган ташрифлари давомида Қорабайир зотли отларнинг довруғинин кенг ёйиш мақсадида Наврўз байрами арафасида Халқаро кўпкари ўйинларини ўтказиш бўйича топшириқ берилган эди.

Шу муносабат билан Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида Наврўз байрами арафасида Халқаро кўпкари ва миллий халқ ўйинлари мусобақалари бўлиб ўтди.

Халқаро кўпкари мусобақаси 2019 йил 18 март куни Китоб туманининг тоғ ён бағрида жойлашган, сўлим "Қайнар" қишлоғи ҳудудида бўлиб ўтди. Мусобақа доирасида миллий кураш, арқон тортиш, тош кўтариш, қўчқор, хўроз уриштириш каби миллий халқ ўйинлари ҳам ўтказилди.

18 март куни юртимиз полвонлари ва моҳир чавандозлари Китоб тумани Қайнар қишлоғи яқинидаги кенгликларда жам бўлишди. Бу ерда Наврўз байрами муносабати билан халқаро кўпкари ва кураш мусобақалари ўтказилди.

Миллатимизнинг азалий қадриятларини кенг тараннум этиш, юртимиз туризм салоҳиятини янада оширишга хизмат қиладиган ҳар иккала мусобақада муросасиз курашлар асосида мутлақ ғолиблар аниқланди.

Майдонда ор-номус, ғурур талашиш полвонларнинг қонида бор. Ўзбек йигити болалигидан билагига куч, бошига ақл йиғади. Халқимизда от минишга, кўпкари томоша қилишга қизиқмаган йигит кам бўлса керак.

Кўпкари оддий кўнгилочар ўйин эмас, у эрни эр қиладиган, унда мардлик, жасурлик, эпчиллик ва довюракликни шакллантирадиган жиддий машғулот. Асосий масала совринга қўйилган қимматбаҳо нарса эмас, аксинча, баковулнинг адолати, номдор чавандознинг абжирлиги, ҳақиқат ғалаба қозониши, омад доим мардники бўлишидир.

Кўпкари ўйини ҳам муросасиз олишувларга бой бўлди. Президент соврини учун Марказий Осиё давлатлари, қўшни Афғонистон чавандозлари ҳам от чоптирган кўпкарида шаҳрисабзлик Сирожиддин Жовлиев “Фонар” лақабли оти билан ғолибликни қўлга киритиб, “Chevrolet Lacetti” автомобилини мукофот сифатида қабул қилиб олди.

Кураш мусобақасида эса ғузорлик Шерали Жўраев мутлақ вазн тоифасида ғолиб чиқиб, бош соврин - "Spark" автомобилини қўлга киритди. Шунингдек, кураш бўйича аёллар ўртасида ҳам ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Мусобақада гиламга чиқиб, ғолибликни қўлга киритган полвонлар ҳам, улоқ айирган чавандозлар ҳам туя, той, қорамол, қимматбаҳо маиший техника буюмлари ва пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.

Қайнар қишлоғи яқинидаги кенгликларда Наврўз байрами муносабати билан кўпкари билан бирга кураш, човғон, арқон тортиш ва қўчқор ва хўроз уриштириш каби ўйинлар ҳам ўтказилди.

Суратларни Муродилло Комилов олган.

    Бошқа янгиликлар