АсосийJamiyat

Тошкентдаги мактаблардан бирининг олдида светофорнинг йўқлиги ўқувчилар ҳаётини хавф остида қолдирмоқда

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 207-мактаб директори Муслима Шодмонова ўқувчилар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида кўп йиллардан буён ЙҲХБга мурожаат қилмоқда. Бу ҳақда Batafsil.uz хабар бермоқда.

Хабар беришларича, 10 ноябрь куни мактаб ёнидаги пиёдалар ўтиш жойида Cobalt русумли автомобиль 5-синфда ўқувчи қизни уриб кетган. Айни дамда қўл, оёқ ва бош суягининг кўплаб синиш белгилари билан ўқувчи касалхонага жойлаштирилган.

«Мазкур ўтиш жойида болаларни машина остида қолиши биринчи ҳолат эмас. Гап шундаки, бу ерда светофор йўқ. Қизил байроқча билан ўқитувчининг навбатчилик қилиши ҳам ёрдам бермаяпти», – дейилади хабарда.

Қайд этишларича, светофор ўрнатиш ҳақидаги талабларга ЙҲХБ ходимлари мактабдан 50 метр нарида светофор борлиги, демак фақатгина пиёдалар ўтиш жойи бўлиши лозимлигини рўкач қилиб, рад жавобини беришмоқда.

«Натижада, бу ерда бор-йўғи «зебра» ўрнатилиб, «Эҳтиёт бўлинг, болалар!» белгисини қўйиш билан кифояланган. Илгари, ЙҲХБ ходимларининг ҳам навбатчилигини кузатиш мумкин эди. Аммо, ўқувчилар ота-оналарининг айтишича, уларни анча вақтдан буён ҳеч ким кўрмаган», – дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар